Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Россия ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонга келди
2017-10-03 | Жамият
Октябрь ойининг биринчи ҳафтасида Жиззах вилоятидаги "Фориш" полигонида Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучларининг қўшма машғулотлари бўлиб ўтади. Душанба куни эрталаб Россия ҳарбий хизматчиларининг бир гуруҳи ўтирган самолёт Тошкент ҳарбий аэродромига келиб қўнди.
Маълумки, Ўзбекистон дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан фаол ҳарбий-техник ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Жорий йилда Россия, Қозоғистон, Туркия ва Покистон давлатлари ҳарбий идоралари вакиллари Тошкентга ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Россия ўртасида Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги келишув амал қилади. Икки давлатнинг Мудофаа вазирликлари қўшма дастур ва режалар ишлаб чиқади ва амалга оширади. Хусусан, "Фориш" полигонидаги тактик машғулотлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига қилган давлат ташрифи чоғида эришилган музокаралар доирасида ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида "Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдор" эканини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Россия полигонларида икки марта тактик антитеррористик қўшма машғулот бўлиб ўтди. Бундай тадбирлар ҳар икки мамлакат учун бирдек манфаатлидир. Жумладан, антитеррористик машғулотлар давомида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича умумий вазифалар ишлаб чиқилади – терроризмга қарши биргаликда курашиш ва террористик хуружларнинг олдини олиш механизми такомиллаштирилади, амалий кўникмалар мустаҳкамланади, тажриба алмашилади.
Қўшма машғулот иштирокчилари билан бирга келган Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округи ашула ва рақс ансамблининг ҳарбий санъаткорлари ҳам мамлакатимизда бўлиб турибди.
Манба: ЎзА