Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқи кафолатлари яққол намоён бўлмоқда
2015-03-29 | Жамият
Инсон ҳуқуқлари кафолатларини амалда таъминлаётган мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳаси ходимлари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этмоқда.
– Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият даражасига кўтарилган, – дейди пойтахтимизнинг Олмазор тумани Чилтўғон маҳалласида жойлашган 257-сайлов участкасида овоз берган сайловчи, "Legal Vindex" адвокатлик фирмаси раҳбари Малоҳат Матчонова. – Бу умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига мос ҳолда яратилган миллий қонунчилигимизда кенг ифодасини топган. Фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Бугун ҳар бир юртдошимиз сайловда иштирок этиб, овоз берар экан, шу кафолатларнинг амалий ифодаси яққол намоён бўлмоқда. Мен ҳам сайлаш ҳуқуқимдан фойдаланиб, ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.
Бугунги кунда мамлакатимизда мингдан ортиқ адвокатлик тузилмаси фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Адвокатлик тузилмаларида уч ярим мингдан зиёд адвокат фаолият юритаётир. Уларнинг барчаси қатъий талаб ҳамда шартлар асосида малака имтиҳонидан ўтган ва лицензия олган мутахассислардир. Зеро, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш адвокатдан катта билим, тажриба ва маҳорат талаб этади.
Манба: ЎзА