Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Туркистон” саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди

2017-09-30 | Таълим

Ёшларнинг теран маънавият, юксак интеллектуал салоҳият соҳиби бўлиб камолга етиши кўп жиҳатдан фидойи устозлар, касбига содиқ ўқитувчилар, жонкуяр мураббийларга боғлиқ. Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланаётган шу кунларда айни жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. 

Умумхалқ байрами арафасида пойтахтимизга юртимиздаги таълим муассасаларининг илғор ўқитувчилари, олимлар, маънавият тарғиботчилари, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. Бўлиб ўтаётган учрашувлар, мулоқот ва анжуманлар жараёнида навқирон авлодга пухта билим бериш, уларни буюк аждодларимизга муносиб инсонлар этиб тарбиялаш, миллий ҳаёт тарзимизга, маънавиятимизга зид ва зарарли бўлган ғоялар таъсиридан ишончли ҳимоялашда педагогларнинг бурчи ва масъулияти хусусида атрофлича сўз юритилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинмоқда. 

Тадбир иштирокчилари 29 сентябрь куни пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Устоз ва мураббийлар шаҳримиздаги маърифий масканлар, жумладан, Ўзбекистон тарихи давлат музейи билан танишди. 

Шу куни пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида умумхалқ байрамига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият вазирликлари ходимлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг педагоглари, спорт мураббийлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди. 

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш, юртимиз ёшларини ҳеч кимдан кам бўлмаган, ҳар жиҳатдан соғлом, теран, соғлом ва мустақил тафаккурли инсонлар этиб камолга етказиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Бу жабҳадаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугун ҳам изчил, шиддатли давр талабига ҳамоҳанг тарзда давом эттирилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, ўқув масканларини қуриш, реконструкция қилиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифаларни ҳаётга изчил жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бу жараёнда ўқув-маърифий ислоҳотларнинг халқимиз, айниқса, ота-оналар, педагоглар, ўқувчи-ёшлар, кенг жамоатчиликнинг орзу-интилишларига, мақсад-муддаоларига монанд бўлишини тўлиқ таъминлашга эришилаётгани ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва интилишини кучайтириш, уларни турли мафкуравий хатарлардан ҳимоялашда муҳим омил бўлмоқда. Айни жиҳатлар умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йилидан бошлаб 10-синфларнинг ташкил этилгани, ўқувчиларнинг интилишига қараб улар мактаб, коллеж ёки лицейларда таълимни давом эттириши учун кенг имкониятлар яратилганида намоён бўлмоқда. 

Соҳада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларига мувофиқ сифатли таълим имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш, мактабгача таълим даргоҳлари тармоғини кенгайтириш, уларда болаларнинг ҳар жиҳатдан ривожланиши учун шароитларни яхшилаш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш юзасидан тизимли ишлар бажарилмоқда. 
 
Педагогика соҳасида умумий ўрта таълим мактаблари учун мақсадли кадрлар тайёрлаш, бунда ўқитишнинг сиртқи шаклидан кенг фойдаланиш, юртимизнинг олис ҳудудлари мактабларини юқори малакали ўқитувчилар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чирчиқ шаҳрида педагогика йўналишидаги олий таълим муассасасининг ташкил этилиши ўқитувчи кадрларни тайёрлаш, жойларда ушбу касб эгаларига бўлган талабни тўлиқроқ қондириш йўлидаги яна бир амалий қадам бўлди. 

Президентимизнинг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш "Истеъдод" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирларига доир амалий ташаббуслари юқори касб салоҳиятига эга бўлган ўқитувчилар сафининг кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ёш авлоднинг таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатлари, ижтимоий ҳимояси, уларнинг келажаги ҳақида билдирган амалий таклифлари мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир. Чуқур таҳлилий-илмий ёндашувга асосланган бу ғоя ва ташаббуслар юртимиз педагогларини ёш авлод тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам улканроқ масъулият, янада ҳушёрлик ва огоҳлик билан ёндашувга чорламоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан педагогларнинг касб салоҳиятини юксалтириш, уларни ўз устида кўпроқ ишлашга, изланишга доир қатор маърифий лойиҳалар, ижодий танловлар, фан ўқитувчиларининг анжуманлари ўтказилмоқда. "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси", "Йилнинг энг яхши мактаби", "Йилнинг энг яхши психологи", "Йилнинг энг яхши тарбиячиси" каби танловлар соҳадаги илғор иш тажрибасини оммалаштириш, фидойи устозларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. 

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи Ватанимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. 

Тадбирда Халқ таълими вазирлигининг "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси", Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг "Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги" кўрик-танловлари ғолиблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканларининг фаол педагоглари диплом ва совринлар билан тақдирланди. 

Йиғилишда сўзга чиққан Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги 40-мактаб ўқитувчиси Раъно Фозилова, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов мамлакатимизда ёшлар камолотига кўрсатилаётган бетимсол ғамхўрликлар, ўқитувчилик касбини улуғлаш борасидаги амалий эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. "Ёшлик" журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ ўқитувчи ва мураббийларга бағишланган шеърини ўқиб берди. 

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт намойиш этилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев иштирок этди. 
 

 

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться