Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат молияси ҳамда давлат харидларини ислоҳ қилиш йўналишида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат бюджети ғазна ижроси шароитида амалга ошираётган чора-тадбирлари пресс-релизи
2017-09-26 | Иқтисодиёт
2017 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида “Давлат молияси ҳамда давлат харидларини ислоҳ қилиш йўналишида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат бюджети ғазна ижроси шароитида амалга ошираётган чора-тадбирлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Мазкур матбуот анжумани Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳамда Ўқув маркази томонидан ташкил этилди.
Тадбирда вазирликлар, идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Матбуот анжуманини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ОАВ орқали жамоатчиликни давлат молияси тизимини ислоҳ этиш ва маблағларни бошқаришнинг жорий жараёнлари, долзарб муаммолари ва тизимда амалга оширилган таркибий ўзгартиришлар билан таништириш бўлди.
Мазкур анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 мартда қабул қилинган ПҚ–2847-сонли “Молия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида молия органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, фискал сиёсатга қатъий риоя қилиш, иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳани барқарор, мутаносиб равишда илдам ривожланишини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш бўйича долзарб вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилган.
Тадбир жараёнида иштирокчиларга Молия вазирлиги томонидан Давлат бюджетининг даромадлари қисми прогноз параметрлари ижросининг таъминланиши борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот тақдим этилди.
Бюджетлараро муносабатларда оқилона сиёсат юритиш эвазига олиб борилган тезкор чора-тадбирлар минтақаларга тўлиқ миқдорда субвенциялар ажратилишини таъминлади.
Алоҳида равишда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 февралдаги 141-сонли фармойишига мувофиқ ташкил этилган Маҳаллий бюджетлар, туманлар ва шаҳарларни субвенциядан босқичма-босқич чиқариш ва уларнинг субвенция даражасини камайтириш, даромад базасини кенгайтириш бўйича республика комиссияси тўғрисида маълумот берилди.
Матбуот анжуманида 2007 йилдан фаолиятини амалга ошириб келаётган Ғазначилик тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан:
- барча маблағлар ягона ғазна ҳисобварағига келиб жамланаётгани, ундан барча харажатлар амалга оширилаётганлиги;
- бюджет ташкилотларида юридик мажбуриятларни рўйхатга олиш ва жорий назорат тизими жорий этилганлиги, бунинг эвазига маблағлар тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида сарфланаётганлиги ва асоссиз харажатларга чек қўйилганлиги;
- товарлар етказиб берувчиларининг ҳисобварақларига харажатлар сметаларида ва қайд этилган шартномаларда кўрсатилган суммаларни тўғридан-тўғри тўлаш механизми жорий этилганлиги муносабати билан тўлов интизомига риоя этиш амалиёти қатъий таъминланганлиги кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, давлат харидларининг барча босқичини тартибга соладиган ҳамда бюджетдан маблағ олувчилар ва товар (иш, ҳизмат)ларни етказиб берувчилар учун Давлат бюджетининг ғазна ижросини таъминлашда ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасида малакасини оширишга қаратилган ягона ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ–5185-сонли “Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Молия вазирлиги томонидан бир қатор устувор йўналишларни белгилаб олинганлиги ва мазкур устувор йўналишлар доирасида:
- давлат молиясини бошқаришнинг ягона ахборот тизимини тўлиқ жорий этиш;
- халқаро стандартлар асосида давлат сектори учун бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини ишлаб чиқиш тадбирлари режалаштириб қўйилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида Молия вазирлиги тизимида коорупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича ахборот берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги