Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентимизнинг БМТ минбаридан сўзлаган нутқи ўрганилмоқда
2017-09-27 | Жамият
Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи мазмун-моҳиятини партия фаоллари ўртасида ўқиб-ўрганиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
ЎзХДПнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, масъул ходимлари, журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Г.Аннақличева, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси аъзоси Е.Тўраниёзов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи бутун халқимиз, айниқса, Оролбўйида истиқомат қилаётган юртдошларимизни тўлқинлантириб, барчамизга ғурур-ифтихор бағишлаганини таъкидлади. 170 дан ортиқ масала муҳокама этилган нуфузли халқаро анжуманда Президентимиз жаҳон ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистондаги демократик жараёнлар, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, тинчликни асраш, минтақавий ҳамкорлик, экология соҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қаратди. Унда юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоллашгани, халқаро алоқалар учун кенг эркинлик яратилгани алоҳида таъкидланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган тамойиллар, шунингдек, ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича билдирган таклифлари барчада катта қизиқиш уйғотди.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари дунё ҳамжамиятининг эътиборини бугунги куннинг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор қаратгани, денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозимлиги ҳақида бонг ургани, айниқса, Қорақалпоғистон аҳлини ғоят тўлқинлантириб юборди.
– Оролнинг бугунги аҳволини ҳаммадан кўра биз яхши биламиз, – дейди ЎзХДПнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси аъзоси, мўйноқлик Бибигул Ержанова. – Президентимиз жорий йил бошидан Мўйноқ туманига алоҳида эътибор қаратиб, кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ташаббускори бўлди. Ўтган қисқа муддатда 101 километр масофага қувур ётқизилиб, тоза ичимлик суви келтирилди, мактаб, болалар боғчаси, замонавий автостанция ишга туширилди, қатор саноат корхоналари бунёд этилмоқда. Йўллар асфальт қилиниб, туманимиз кундан-кун яшариб-яшнамоқда. Амударё ва Сирдарё сувларидан оқилона фойдаланиш, минтақада экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича куюниб айтган фикрларини биз, Мўйноқ аҳолиси жон-дилимиз билан тингладик.
Тадбирда Президентимиз нутқининг мазмун-моҳиятини партия электорати ўртасида кенг тарғиб этиш бўйича ЎзХДПнинг Қоракалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари, партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Манба: ЎзА