Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади
2015-03-29 | Жамият
Бугун соат 06:00 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи барча 14 сайлов округида 9015 сайлов участкаси очилади. Шунингдек, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида яна 44 сайлов участкаси ўз фаолиятини бошлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жамиятимизни янада демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилишнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда халқаро стандартларига тўлиқ мос келадиган демократик сайловларни ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу борада самарали қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида", "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги ва бошқа қонунларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатланган.
Шу билан бирга, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича миллий амалиётни янада яхшилаш мақсадида сайлов қонунчилиги мунтазам такомиллаштирилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга масъул конституциявий орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланди, мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ҳамда адолатлилик комиссия фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси ва "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга кўра, сайлов умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага миллий сайлов қонунчилигимизга мувофиқ равишда тайёргарлик кўрилди.
Сайловчилар рўйхатига 20 миллион 798 минг 52 фуқаро киритилган бўлиб, уларнинг 10 миллион нафардан зиёди 30 ёшгача бўлган йигит-қизлардир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида барча даражадаги сайлов комиссиялари томонидан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган самарали ишлар амалга оширилди. Барча сайлов участкалари зарур алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланди. Махсус белгиланган жойларда яширин овоз бериш учун сайлов кабиналари, сайлов қутилари ўрнатилди. Шунингдек, сайлов участкасига кела олмайдиган сайловчиларнинг яшаш жойида овоз беришини ташкил этиш чоралари кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида тўрт номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Акмал Саидов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Каримов, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этмоқда.
Сайлов кампанияси давомида сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнда кузатувчилар институти ва оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Марказий сайлов комиссияси томонидан 43 давлат ва беш халқаро ташкилот – ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан 300 га яқин кузатувчи рўйхатга олинди. Улар орасида миллий парламентлар ҳамда сайлов органлари раҳбарлари ва аъзолари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, олимлар, сиёсатшунослар бор.
Ўзбекистонда сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1000 га яқин вакили ёритиб бормоқда. Сайловни ёритиш бўйича республика матбуот маркази уларни ахборот билан тезкор таъминламоқда. Шунингдек, бу ерда сайлов куни овоз бериш жараёнининг бориши ҳақида брифинглар ташкил этилади.
Манба: ЎзА