Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фаровонликка хизмат қилувчи лойиҳа
2017-09-27 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда йўл-транспорт, энергетика ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қиладиган кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 28 мартдаги Наманган вилоятида қуввати 900 мВтли иссиқлик электр станциясини қуришни ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган иссиқлик электр станцияси мамлакатимиз энергетика соҳаси салоҳиятини ошириш борасидаги истиқболли лойиҳалардан биридир.
2013-2020 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳага кўра, ҳар бири 450, умумий қуввати 900 мегаваттли иккита замонавий буғ-газ турбинасини қуриб ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, у Фарғона водийси вилоятларида электр энергиясига бўлган эҳтиёжни тўла таъминлаш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш, ёнилғи ресурсларини тежаш, энг муҳими, юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти буюртмаси асосида барпо этилаётган ва умумий қиймати қарийб 1 миллиард 200 миллион долларга тенг ушбу лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва давлат бюджети томонидан молиялаштирилади.
Мазкур объектда ўтган давр мобайнида асосий қурилиш-монтаж ишларига тайёргарлик доирасида салмоқли ишлар қилинди.
– Станция қурилиши 2013 йилда бошланган, – дейди “Тўрақўрғон иссиқлик станцияси қурилиши” унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи Н.Насибалиев. – Ҳозиргача объектга элтадиган йўл ва коммуникация тармоқлари барпо этилди, дирекция маъмурияти учун икки қаватли бино, ёнғин хавфсизлиги хизмати иншоотлари, соатига 120 кубометр бетон ишлаб чиқариш қувватига эга завод ва бошқа ёрдамчи хўжалик иншоотлари қуриб битказилди. Айни пайтда келгусида станцияда ишлайдиган 750 нафар ишчи-хизматчи учун турар жой бинолари қуриш, ичимлик суви тармоғини тортиш, буғ-газ қурилмаси, диспетчерлик пункти, марказий ва бошқа омборхоналар барпо этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Режадаги 2 миллион 513 минг кубометрдан зиёд ер ишларидан 1 миллион 925 минг кубометри бажариб бўлинди.
Манба: ЎзА