Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осойишталик посбонлари қасамёд қилди
2017-09-27 | Жамият
Урганч шаҳрининг Жалолиддин Мангуберди номидаги маданият ва истироҳат боғида Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳудудда фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга бағишланган тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда 120 нафар профилактика инспекторига замонавий хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калити топширилди.
Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи И.Собиров ва бошқалар мамлакатимизда халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашдек масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб, жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган профилактика инспекторларига қулай ҳамда замонавий меҳнат ва турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ички ишлар органларини ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда юксак самаралар бермоқда.
Хоразм вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ўтказилаётган профилактика тадбирлари давомида мингга яқин жиноят фош этилди. Маҳаллаларда профилактика ишлари кенг йўлга қўйилгани, аҳоли ўртасида хуқуқий тарғибот самарадорлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида жорий йилда вилоятнинг 159 маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилмади, умумий жиноятлар сони кескин камайди.
Профилактика тадбирларида, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасаларида ўтказилаётган тадбирларда ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш баробарида тарбияси оғир, жиноятчиликка мойил ўсмирлар билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жиноят содир этган ёшларнинг қилмиши кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинаётир. Жумладан, жорий йилнинг шу даврига қадар маҳаллаларда ўтказилган 5 мингдан ортиқ учрашувда жойларда содир этилган жиноят ва хуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, бундай ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
– Бугун жасурлик ва мардлик рамзи, саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳайкали қаршисида туриб тантанали қасамёд қабул қилар эканман, буюк аждодимизнинг бемисл жасорати, Ватан ва халқ осойишталиги йўлида кўрсатган мардонавор хизматини яна бир бор эсга олдим, – дейди Урганч шаҳридаги Навбаҳор маҳалласи профилактика инспектори Темур Отаниёзов. – Давлатимиз томонидан профилактика инспекторларининг турмуш ва меҳнат шароитини яхшилашга қаратилаётган алоҳида эътибор бизни маҳаллада ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва омилларини аниқлаш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, маҳалла тинчлиги, осойишталигини таъминлашда бор куч-ғайратимиз билан хизмат қилишга ундайди.
Манба: ЎзА