Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шу Ватан фарзанди эканимдан фахрланаман
2015-03-29 | Жамият
Юртимиздаги тинчлик-осойишталик, барча соҳадаги муваффақиятлар, фаровон ҳаётга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Бунинг замирида узоқни кўзлаб юритилган оқилона сиёсат, инсон манфаатларига йўналтирилган ислоҳотлар мужассамдир.
Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигини нишонлаймиз. Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда бетимсол ишлар амалга оширилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳуқуқий ва институционал базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт тизимини модернизациялаш, жаҳон тиббиётининг илғор технологияларини соғлиқни сақлаш соҳасининг барча йўналишларига изчил татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Бирламчи тиббий-профилактика ёрдамининг кўламини кенгайтириш борасида ўзига хос чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Жойларда уч мингга яқин қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникалар барпо этилиб, янги асбоб-ускуналар билан таъминланди. «Соғлом она – соғлом бола» концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётир.
Мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини юксалтириш, жаҳон андозалари даражасида тиббиёт муассасаларини барпо этиш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётир. 2014 йилда Инвестиция дастури доирасида 137 иншоотни барпо этиш ва реконструкция қилиш учун 382,4 милиард сўм ажратилди. "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмаларига диагностика ва даволаш ишларида қўлланиладиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилмоқда.
Кейинги йилларда тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, тиббий-профилактика кўригига жалб этиш, бирламчи касалликларни ўз вақтида даволашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ушбу тиббиёт муассасаларида етакчи олимлар ва мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.
Бундай тадбирлар самарасида аҳолининг ушбу шифо масканларига ишончи ортиб бормоқда. Бу касалликларнинг олдини олиш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кўриш кўрсаткичини оширишда муҳим омил бўлаётир.
Президент сайлови мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ана шундай ҳаётбахш ислоҳотларни изчил давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади. Бугун эрта тонгдан Юнусобод туманидаги 541-сайлов участкасига бориб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб деб билган номзод учун овоз бердим.
Сайлов участкасидаги аҳолининг гавжумлиги, одамларнинг юз-кўзидаги қувонч, ёшларнинг катталарга ҳурмат-эътиборини кўриб тўлқинланиб кетдим. Шундай тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик муҳити ҳукмрон бўлган мамлакат фуқароси эканимдан ич-ичимдан фахрландим.
Манба: ЎзА