Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентимизнинг нутқи катта қизиқиш билан ўрганилмоқда
2017-09-27 | Жамият
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, мутахассислар, талаба-ёшлар қатнашди.
Семинарда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида бугунги кунда нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда долзарб бўлиб турган масалалар ва уларнинг ечими бўйича амалий таклифлар кенг ўрин олгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология каби қатор долзарб масалаларга тўхталиб ўтди. Президентимизнинг БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиши бўйича таклифлари барчада катта қизиқиш уйғотди.
– Президентимизнинг юксак минбардан сўзлаган нутқи барчамизда зўр қизиқиш, юксак фахр туйғусини уйғотди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Нигина Юсупова. – Бугун мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқимизнинг бахтли ҳаёт кечириши учун барча зарур имкониятларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, халқаро алоқалар учун кенг эркинлик яратилиб, мамлакатимизнинг янги қиёфаси шакллантирилмоқда. Биз, ёшлар ана шундай мамлакатда туғилиб, вояга етаётганимиздан фахрланамиз, Ўзбекистонимизнинг бугуни ва келажаги учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Семинарда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА