Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаётимдаги энг унутилмас кун
2015-03-29 | Жамият
Самарқанд. Шаҳардаги 75-сайлов участкасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш жараёнлари қонунда белгиланган тартибда бошланди.
Соат 6.00. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Сўнгра комиссия раиси овоз бериш бошланганини эълон қилди.
Эрта тонгдан сайлов участкасига келган Мирсаид Барака номидаги маҳалла нуронийлари ҳамда биринчи марта сайловда иштирок этаётган ёшлар дастлабки овоз берувчилар бўлди.
–Мамлакатимизнинг ёруғ келажаги, халқимизнинг янада фаровон ҳаётини белгилаб берувчи сайловда иштирок этмоқдаман, – дейди 79 ёшли Бўри Салимов. – Сайловгача Президентликка номзодларнинг чиқишларини кўриб, дастурлари билан танишиб, ўзим муносиб деб билган номзод учун овоз бердим.
Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Зарнигор Ёрқулова ёш сайловчилардан. У бугун биринчилардан бўлиб сайлов участкасига келиб, ўзи танлаган номзод учун овоз берди.
–Ҳозиргина ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича хоҳиш-иродамни билдирдим, – дейди Зарнигор. – Бу катта шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳам экан. Чунки Президент сайловида иштирок этиш орқали мамлакатимизнинг келгуси беш йилдаги тараққиёт йўлини белгилашга ўз ҳиссамни қўшдим, деб ўйлайман. 2015 йил 29 март ҳаётимдаги энг унутилмас кун бўлиб қолади.
Сайлов участкасида овоз бериш давом этмоқда.
Манба: ЎзА