Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф
2017-09-23 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифини мамлакатимиз ва хорижий давлатлар экспертлари шундай баҳоламоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи юртдошларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлади. Бу мазкур ташриф анчадан буён кутилгани, Президентимизнинг нутқи одамларнинг қалбидан, тафаккуридан чуқур жой олганидан далолат.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 193 мамлакатни бирлаштирган энг йирик халқаро тузилма. Бош Ассамблея унинг асосий органи. Бош Ассамблея сессиясида дунё етакчилари йиғилади, иштирокчилар ва тадбирлар кўплигидан ҳар бир сония ҳисобли бўлади. Шу боис унинг кун тартибидан энг муҳим, халқаро аҳамиятга молик масалалар ўрин олади. Бош Ассамблеянинг 72-сессияси кун тартибига 170 дан ортиқ масала киритилди.
Президентимизнинг нутқи мазмундорлиги ва аҳамияти билан алоҳида ажралиб турди. Қисқа бўлишига қарамай, нутқ замонамизнинг энг долзарб мавзуларини қамраб олди: Ўзбекистондаги ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология ва ҳоказо.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоллашгани, халқаро алоқалар учун кенг эркинлик яратилгани, мамлакатимизнинг янги қиёфаси шакллантирилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани, ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканини қайд этди. Шавкат Мирзиёев хорижга чиқиш визаларини "умрини ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари" деб атади.
Президентимиз айтган "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун", "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади" деган шиорлар барчанинг тилига тушди. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиши бўйича таклифлари барчада катта қизиқиш уйғотди.
Сессия иштирокчилари Шавкат Мирзиёевнинг нутқини диққат билан тинглади. БМТ каналлари орқали бевосита кузатиб борди. Бош қароргоҳдаги медиа марказда журналистлар ўзларига кўп нарсаларни қайд қилиб борди. Айниқса, Президентимиз Орол денгизи акс эттирилган харитани кўрсатганда ҳамма ўйга толди...
Нутқ якунланганда қарсаклар анча пайтгача тинмади. Сессия раиси, давлат раҳбарлари Президентимизни табриклади, ўз таассуротларини билдиришга ошиқди.
Масалан, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаганини таъкидлади.
Халқаро сиёсий доираларда, оммавий ахборот воситаларида бу тарихий нутққа муносабат билдириш давом этмоқда.
Сессия доирасида мамлакатимиз, халқимиз учун яна бир аҳамиятли воқеа бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида маҳобатли Регистон майдонининг макети ўрнатилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Ўзбекистоннинг «ташриф қоғози» бўлмиш ушбу экспонат БМТ штаб-квартирасининг энг гавжум жойларидан бирига, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилганида ўзига хос чуқур рамзий маъно бор, деди давлатимиз раҳбари. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Самарқандда илм-фан, маданият, савдо, меъморлик, ҳунармандлик азалдан ривожланган, турли ўлкалардан келган инсонлар аҳил-иноқ яшаган. Регистон эса ана шундай қадимий ва умумбашарий шаҳарнинг бетакрор рамзига айланган.
Регистон майдонининг макети юртимизнинг қўли гул уста ҳунармандлари томонидан ясалган бўлиб, қимматбаҳо металл ва гўзал миллий нақшлар билан безатилган. Энди Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ишлайдиган, у ердаги тадбирларда қатнашадиган ҳар бир инсоннинг нигоҳи азалдан тараққиёт ва маданият маскани бўлган «Ўзбекистоннинг бир бўлаги»га тушади.
Президентимиз аксарият давлатлар раҳбарлари сингари фақат БМТ сессиясида иштирок этиб қайтмади. Ҳар доимгидек вақтдан ўта унумли фойдаланди. Қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармонлар билан учрашди.
Ўзбекистон БМТга 1992 йил 2 март куни аъзо бўлган. Бугун мамлакатимизда унинг қатор тузилмалари – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури ва бошқа тузилмаларининг ваколатхоналари фаолият кўрсатаётир.
Жорий йил июнь ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан мулоқот ўтказди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг миқёсли янгиланишлар тўғрисида сўзлаб берди.
Антониу Гутерриш Президентимизнинг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлгани, унда билдирилган ташаббуслар муҳим ва ўз вақтида илгари сурилганини таъкидлади. Ушбу ташаббусларни халқаро майдонда қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Бош котиб Ўзбекистон томонидан минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирларни юқори баҳолади. Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратишини билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашди. Болгария Республикаси Президенти Румен Радев, Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказди.
Учрашувлар белгиланган вақтдан кўра кўпроқ давом этди. Бу кўрилган масалалар кўплиги, музокаралар мазмунан бой бўлганидан далолат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. Учрашувда Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, «Женерал Электрик» компанияси президенти Рон Поллетт, «Ханивелл» компанияси бўлинмаси президенти ва бош директори Ражив Гаутам, «СиЭнЭйч Индастриал» компанияси вице-президенти Стивен Надерни, «Дир энд Компани» компанияси президенти Жеймс Филд иштирок этди. Мамлакатимизда валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон – АҚШ ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Ўзаро манфаатли йўналишлар таклиф қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Ўзбекистон – АҚШ бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда Америка Қўшма Штатларининг 100 дан ортиқ етакчи компанияси раҳбарлари иштирок этди.
Манба: ЎзА