Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Депутатлар одамлар манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017-09-22 | Сиёсат

2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари қонун лойиҳаларини кўриб чиқишдан аввал Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқига ўз муносабатларини билдирдилар. Таъкидландики, давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи чинакамига тарихий аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро сиёсатнинг энг муҳим йўналишларига доир юксак минбардан баён қилинган ташаббуслари кенг сиёсий доиралар ўртасида қўллаб-қувватланди. 

Сиёсий партиялар фракциялари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу нутқининг, давлат сиёсати энг муҳим йўналишларига тааллуқли амалий таклифларининг, фикр-мулоҳазаларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш юзасидан сайловчилар, кенг жамоатчилик ўртасида ахборот-тарғибот тадбирларини ўтказиш зарурлиги тўғрисида таклиф ва тавсиялар билдирдилар. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ташаббусларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг муҳимлиги қайд этилди. 

Шундан сўнг депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқишга киришдилар. Хусусан, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ, Оила, Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари ва бошқа қонун ҳужжатлари муҳокама қилинди. 

Мамлакатнинг бугунги тутган сиёсий йўлига мувофиқ «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган принципни мамлакатда халқ ҳокимиятини номигагина эмас, ҳақиқий қилувчи механизмларни кучайтириш орқали амалга ошириш демократик давлатни ва адолатли жамиятни барпо этишда устувор аҳамият касб этади. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ норматив-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқининг рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга чақиради. Қонун лойиҳасида жамоатчилик назоратининг шакллари, уларни амалга ошириш механизмлари, жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари очиб берилган. 

Мажлисда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси, депутатлар таъкидлаб ўтганидек, бозор иқтисодиётининг асосий шартларидан бири бўлган хусусий мулк кафолатларини таъминлашда ва ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ жиноят қуроли, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши керак бўлган ва тегишли муассасаларга топширилган ёки йўқ қилиб юборилган. 

Қонун лойиҳасига мувофиқ, ушбу талабга ўзгартиш киритилиб, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилиниши кераклиги ва тегишли муассасаларга топширилиши ёки йўқ қилиб юборилиши назарда тутилмоқда. Жиноят қуроллари гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган тақдирда, улар мулкдорларига қайтариб берилади. 

Сўнгра депутатлар алиментлар тўловини таъминлашга доир амалдаги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган камчиликларни ва самарасиз механизмларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Кейинги пайтларда, мажлисда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига фуқароларнинг алиментлар ўз вақтида тўланмаслиги масалаларига доир мурожаатлари ва ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид таклифлар сони ошган. Бундан ташқари, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни чет элга чиқишга доир чекловни олиб ташлаш учун алиментларни олдиндан тўлаш ёки алиментларни тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш имконини берувчи норма билан тўлдирилмоқда. Шундай қилиб, алиментлар тўлаши шарт бўлган шахсларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун, алиментлар олиш ҳуқуқига эга бўлган болаларнинг манфаатларини бузмаган ҳолда, шарт-шароитлар яратилмоқда. 

Мажлисда кўриб чиқилган бошқа қонун лойиҳаси оилавий ажралишларнинг олдини олишга, шу жумладан, ушбу масала юзасидан маҳаллаларнинг тутган ўрнини кучайтириш орқали олдини олишга қаратилган. Ҳозирги вақтда фуқаролар йиғинлари ҳузурида яраштириш комиссиялари иш юритаётган бўлиб, улар фаолиятининг асосий мақсади оилавий муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишдан, оилавий низоларни судга қадар кўриб чиқишдан иборат. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига судлар ва ФҲДЁ органлари томонидан уларнинг иш юритувида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар мавжудлиги тўғрисида яраштириш комиссияларини хабардор қилишга доир қоидаларни белгилашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда. Бу, ўз навбатида, яраштириш комиссияларига ажралишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш имконини беради. 

Қизиқарли баҳс-мунозара руҳида ўтган мажлис давомида кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳалари юзасидан депутатлар бирлашмалари ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. 

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати

Манба: ЎзА

Поделиться