Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ҳукуматининг инсонпарварлик ёрдами расмий равишда Бангладеш Қизил Яримой жамиятига топширилди
2017-09-19 | Жамият
2017 йил 18 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиев бошчилигидаги делегация Бангладеш расмий шахслари, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Бангладеш Қизил Яримой жамиятига (БҚЯЖ) расмий равишда Мянманинг мусулмон-роҳинжа қочқинлари учун аталган инсонпарварлик ёрдамини топширди.
Тадбирда сўзга чиққан БҚЯЖ президенти Ҳ.Мазумдар Ўзбекистон раҳбариятига қочқинларга ўз вақтида ҳамда олийҳимматлик билан кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди. Бангладешда Ўзбекистон томонидан ушбу беғараз ёрдам “ўзбек халқининг ўзига хос хусусияти” бўлган самимий инсонпарварликнинг яққол намоёни сифатида баҳоланмоқда.
Бангладеш Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Ф.Раҳман инсонпарварлик ёрдамининг ўз вақтида етказилганлиги ва долзарблигини таъкидлар экан, “қочқинлар ҳаётига кўмаклашиш учун биродар ўзбек халқининг дўстона ёрдами жуда муҳим”, дея қайд этди.
Тадбирда Ўзбекистондан келган инсонпарварлик ёрдами камида 8000 оилани ёки 50 мингга яқин қочқинларнинг эҳтиёжларини қондириши алоҳида қайд этилди.
БҚЯЖ маълумотларига кўра, Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами мазкур жамиятнинг хорижий мамлакатлардан олган ёрдамининг энг салмоқлиси бўлди. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги кунларда мусулмон-роҳинжа қочқинларининг сони 400 минг нафардан ошди.
Етказиб берилган инсонпарварлик ёрдами қочқинлар учун 14 турдаги энг зарурий маҳсулот ва буюмлардан иборат: шакар, ерёнғоқ, сут кукуни, дори-дармон, болалар овқати, ичимлик суви, гигиена воситалари, болалар ва катталар учун кийимлар, чивинга қарши тўр, кўрпа-тўшак ва бошқа зарур маҳсулотлар.
Шу куннинг ўзида, “Ўзбекистон Республикаси инсонпарварлик ёрдами” ёзуви тушурилган юк машиналари колоннаси Бангладеш Қизил Яримой жамиятининг вакиллари ҳамроҳлигида қочқинлар лагерларига йўл олди. Инсонпарварлик ёрдамининг қочқинлар ўртасида тарқатилиши БҚЯЖ томонидан амалга оширилади.
"Жаҳон" АА сурати
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги