Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АКТ ҳафталиги: истиқбол ва устувор йўналишлар
2017-09-19 | Технологиялар
Мамлакатимизда иш бошлаган «ICTWEEK Uzbekistan –2017» анъанавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги 22 сентябрга қадар давом этади. Ҳафталик доирасида АКТ тармоқларини ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирлар, алоқа ва ахборотлаштириш соҳаларида қўлга киритилган сўнгги ютуқлар тақдимоти бўлиб ўтади.
Бугунги кунда АКТ инновацион тараққиёт, иқтисодий самарадорлик ва рақобатбардошликни ошириш, уни диверсификация қилиш ва ишбилармонлик фаолиятини рағбатлантириш, пировардида аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда АКТни барча соҳалар, жумладан, давлат бошқаруви органларига ҳам жорий этиш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди. Халқаро стандартларга мос рақобатбардош дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, АКТ маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш мақсадида 2017 йил 30 июнда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.
Мамлакатимиз ахборот технологиялари тармоғини янада ривожлантиришда 2004 йилдан буён ҳар йили сентябрь ойи охирида ўтказиб келинаётган анъанавий «ICTWEEK Uzbekistan» АКТ ҳафталиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
АКТ ҳафталигини 19 сентябрда бўлиб ўтадиган «ICTSUMMIT – 2017» ахборот-коммуникация технологиялари саммити очиб беради. Унда рақамли иқтисодиёт трендлари, глобал рақамли трансформацияси доирасида АКТнинг фундаментал ривожланиши, кенг полосали интернетдан фойдаланишнинг АКТ инфратузилмасига таъсири, «4.0 индустрияси», рақамли иқтисодиётда сунъий интеллектнинг ўрни каби масалалар муҳокама қилинади. Саммит ишида АКТ, тижорат, молия ва иқтисодиёт соҳаларида таниқли бўлган хорижий мутахассислар ва олимлар иштирок этади.
Тадбир доирасида, шунингдек, «CIOSUMMIT» жой олган бўлиб, унда буюмлар интернети учун платформа (IoT), машина таълими, рақамли трансформацияга бағишланган маърузалар, cio.uz лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтади.
19-21 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган «ICTExpo – 2017» ахборот-коммуникация технологиялари миллий кўргазмаси ҳафталик доирасидаги энг ёрқин тадбирлардан бири бўлади.
Ҳафталик давомида «ICT FORUM – 2017» тадбири ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Форум йиғилишлари доирасида булутли сервислар ўзаро алоқасини яхшилаш учун булутли технологиялардан фойдаланиш, мобиль ўқитиш ва таълимнинг истиқболи, сунъий интеллект ва кибер хавфсизлик каби мавзулар ёритилади.
Ўзбекистонда илк бор Халқаро электр алоқалар иттифоқининг «IoT» буюмлар интернети йўналишида кибер хавфсизликнинг муҳим жиҳатларига бағишланган ҳудудий семинар ҳам бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз мутахассислари билан бирга, Молдова, Украина, Қозоғистон, Россиядан маърузачилар, машҳур халқаро компаниялар вакиллари иштирок этади.
Манба: ЎзА