Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Профилактика инспекторлари қасамёд қилди
2017-09-19 | Жамият
Термиз шаҳридаги Хотира майдонида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда осойишталикни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш учун тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига вилоятдан сайланган сенаторлар, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда профилактика инспекторларига замонавий хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калитлари тантанали равишда топширилди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари аҳолининг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашдек масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб, жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади. Ички ишлар органларини ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда юксак самаралар бераётир.
Сурхондарё вилоятида ички ишлар органлари ходимлари томонидан турли профилактик тадбирлар, аҳоли билан очиқ мулоқот ва ҳуқуқий тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, профилактика инспекторлари ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва омилларини аниқлаш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича изчил ишлар олиб бормоқда. Профилактика инспектори билан ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик ҳамкорлиги мустаҳкамланаётир. Бунинг самарасида вилоятда жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 400 тага камайган. 190 дан ортиқ маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган.
– Бизнинг давримизда бундай шароит ҳам, машаққатли хизматимизга эътибор ҳам бўлмаган, – дейди истеъфодаги полковник И.Қалқонов. – Қирқ йилдан зиёд ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилдим. Ўша даврда бепул хизмат уйида яшаш ёки енгил машина сотиб олиш тасаввуримизга ҳам сиғмаган. Қаранг, бугун профилактика инспекторига ўз ҳудудидан оила аъзолари билан яшаш учун хизмат уйи, тижорат банкининг узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағи асосида янги автомашина берилмоқда. Бунга ҳавас қилмай, осойишта, фаровон турмушимиз посбонларига яратилаётган шарт-шароитлар билан фахрланмай бўладими?! Бу фуқаролар мурожаатига эътиборни кучайтиради. Маҳалла аҳли билан янада яқин бўлишга қулайлик яратади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига барча шароитга эга хизмат уйлари топширилаётгани ҳудуд осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрлик уларнинг ота-оналари ва яқинларини қувонтириб, ёшларда ушбу касбга қизиқишни оширмоқда.
– Ўғлим Абдурашидга тантанали қасамёд қабул қилиш маросимида барча қулайликка эга хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида енгил автомашина калити берилишини эшитиб, суюнганимиздан онаси билан эрта тонгдан Термизга келдик, – дейди Шўрчи туманидаги Олатемир маҳалласида яшовчи Шамил Йўлдошев. – Ўғлим Қумқўрғон туманидаги Янги авлод маҳалласида хизмат бурчини ўтамоқда. Янги уй ва енгил машина унинг хизмат вазифасини янада сифатли, самарали бажаришида муҳим аҳамият касб этади. Ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор учун давлатимиздан миннатдормиз.
Вилоятда 450 дан ортиқ профилактика инспектори фаолият юритмоқда. Хизмат уйи ва енгил автомашина калитини қабул қилиб олган осойишталик посбонлари сафида Шеробод туманидаги Дўстлик маҳалласи профилактика инспектори, капитан Аслиддин Бобоев ҳам бор.
– Бундай тантанали қасамёд ўзим хизмат қилаётган ҳудудда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқини ишончли ҳимоялашда янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди, – дейди капитан А.Бобоев. – Айни пайтда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан ўтказаётган профилактик тадбирларимиз самарадорлигини оширишни асосий мақсад қилиб олганмиз. Ҳудудда оила аъзоларим билан яшаш учун барпо этилган замонавий хизмат уйи ва енгил машина бу борадаги ишларимиз янада самарали бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Бугунги қасамёд бизни шунга ундайди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА