Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Қозоғистон бизнес-форуми
2017-09-16 | Иқтисодиёт
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида 16 сентябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, ёқилғи-энергетика, авиаташув, автомобилсозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, тоғ-кон саноати, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, тўқимачилик, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, суғурта, экспорт-импорт, алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, сайёҳлик ва фан-таълим каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, мазкур бизнес-форум савдо-иқтисодий, сармоявий ва ижтимоий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ўзбекистондан қўшни мамлакатга табиий газ, автомобиллар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электр энергияси, мева-сабзавот маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа турдаги товар ва маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Қозоғистондан мамлакатимизга нефть ва нефть маҳсулотлари, металл, ун, ёғ олиб кирилмоқда. Ўзбекистонда қозоғистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 230 га яқин корхона, Қозоғистонда мамлакатимиз тадбиркорлари билан биргаликда тузилган 130 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда Қозоғистоннинг «AllurGroup» автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи миллий компанияси билан «GM Uzbekistan» компанияси ўртасида Қўстанайда «Ravon» бренди остида енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилгани бу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилаётганини кўрсатди.
Икки давлат раҳбарлари томонидан мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш юзасидан кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги товар алмашув изчил ўсмоқда.
Форумда Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, нефть-газ, фармацевтика, машинасозлик, кимё, қурилиш, озиқ-овқат, ҳарбий, енгил саноат ва бошқа ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш тармоқларида фаолият кўрсатаётган 400 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизнинг улкан иқтисодий салоҳияти, замонавий транспорт коммуникациялари, юртимиздаги қулай сармоявий муҳит кўплаб давлатлар қатори Қозоғистон ишбилармон доираларининг ҳам ҳамкорликка қизиқишини тобора оширмоқда.
Форумда қозоғистонлик ишбилармонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сармоя киритиш истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари тўғрисида маълумот берилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонлари ҳамкорлигида турли соҳаларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва уларнинг ижроси ҳақида сўз юритилди.
– Бугун Ўзбекистон заминида етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг довруғи дунёга тобора кенгроқ таралмоқда, – дейди «Союзплодоовощ» халқаро уюшмаси президенти Казибек Маткеримов. – Бунда мамлакатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, мева-сабзавот экспортини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг ўрни алоҳида бўлаётганини қайд этиш лозим. Бизнинг бугун Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан юртингизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Қозоғистон бозорларига етказиб бериш бўйича келишувга эришишимиз ҳам мамлакатингиздаги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг амалий ифодаси дейиш мумкин.
Экспертларнинг фикрича, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини камида икки баробар ошириш имконияти мавжуд. Мазкур жараённи тезлаштиришнинг самарали усули эса икки мамлакат ишбилармонлари ва бошқа манфаатдор томонлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда қўшма тадбирларни амалга оширишдир.
Бизнес-форум давомида иштирокчилар ўзаро манфаатдорликнинг турли соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар, жумладан, уларнинг асосий параметрлари ва молиялаштириш манбалари кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА