Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
2017-09-15 | Жамият
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жорий йил 30 июнда ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўлаётгани таъкидланди. Ташкилот олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли бажариш ҳамда юртимиздаги қарийб ўн етти миллион йигит-қизни бирлаштириш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда бошланғич ташкилотларда сайланган ёшлар етакчилари, сардорлар ҳамда етакчилар кенгаши аъзоларининг фидойилиги, ташаббускорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Юртбошимиз «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқида таъкидлаганидек, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатдан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. Мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида қаралади. 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуннинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни беқиёс. Шу давр мобайнида ёшларнинг тақдирига дахлдор кўплаб ҳужжатлар ишлаб чиқилди, амалий натижаларга эришилди.
Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш, яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш, ғайрат-шижоат билан илм чўққиларини эгаллаш, ташаббускор бўлиш ёшларимизнинг муҳим вазифалари эканлиги таъкидланди.
Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ёшлар етакчиси Малика Зиёвутдинова коллежларда бошланғич ташкилот етакчисини сайлаш жараёни ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди. Коллеж ёшлари ҳаётидан ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этилди.
Тадбирда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, уларни ўйлантираётган долзарб масалаларга биргаликда ечим топилди, истиқболдаги вазифалар белгиланди.
Манба: ЎзА