Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов ЖССТ Бош директори Т.Гебрейесус билан учрашди
2017-09-15 | Жамият
Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 11 сентябрдан бошлаб, Венгриянинг Будапешт шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТТ)нинг Европа минтақавий бюросининг 67 сессияси ўз ишини бошлади. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Дунёнинг турли мамлакатлари тажрибаси билан танишиш, илғор амалиётларни ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга самарали ечим топиш мазкур нуфузли анжуманнинг мақсадларидан бири бўлди. Бундан ташқари, ЖСТТнинг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 та давлат, жумладан, Ўзбекистон делегацияси иштирок этаётган мазкур сессияда халқаро ташкилотнинг 2019 2023 йилларга мўлжалланган умумий иш дастури, «Саломатлик-2020» сиёсатини амалга ошириш, бунда инсон саломатлиги ва бўлажак насллар камолотига салбий таъсир этадиган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларни олдини олиш каби қатор долзарб масалалар хам кенг муҳокама қилинмоқда.
Будапешт сафари давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ЖССТ Бош директори Тедрос Гебреесус ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқотлар чоғида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.
Суҳбат давомида Т.Гебреесус ва Жужанна Якаб мамлакатимизда Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида ҳаётга татбиқ этилаётган барча ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар аҳолига ғамхўрликнинг барча зарур жиҳатларини қамраб олаётганлиги, Ўзбекистон тиббиёт тизимида ҳам ўзининг оқилона стратегияси, сиёсати ва устувор йўналишларини белгилаб олганлигини эътироф этишди. Шунингдек, улар Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканликларини билдиришди.
Учрашув давомида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб билан Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов икки йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги