Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

3 минг 923 ариза, шикоят ва таклиф қаноатлантирилди

2017-09-15 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхоналарига ўтган давр мобайнида фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектлардан 15 минг 851 ариза, 2 минг 185 шикоят, 158 таклиф келиб тушган. Уларнинг 3 минг 923 таси қаноатлантирилиб, 613 таси рад этилган. 11 минг 914 тасига тушунтириш берилиб, 1 минг 744 таси тегишли тартибда ўрганиб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, турли вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулларда ҳам аҳолининг кўплаб мурожаатлари ўрганилиб, аксарияти жойида ҳал этилди. 

Ғузор, Нишон ва Деҳқонобод туманларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди. 

Аҳолидан келган мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда, уларнинг асосий қисми уй-жой олиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия, болалар нафақаси, банк-молия, солиқ, суд ва суд қарорлари ижроси, бандлик, коммунал хўжалиги, йўлларни таъмирлаш, таълим ва тиббиёт соҳалари, электр, газ таъминоти, транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари, тадбиркорликка оид масалалар экани аён бўлади. 

Ғузор туманидаги Эшонқудуқ транспорт касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган сайёр қабулда ҳар бир мурожаат диққат билан тингланиб, уларни ҳокимлар, масалага дахлдор бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида бартараф этиш чоралари кўрилди. Аксарият мурожаатларда келтирилган инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўз жойида ҳал этилди. Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар, мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунчалар берилди. 

– Нишон туманидаги 23-умумтаълим мактабида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси бўлиб ишлайман, – дейди Баҳром Бозоров. – Қишлоғимизда илмга чанқоқ ёшлар кўп. 82 нафар ёш туман марказидаги касб-ҳунар коллежларига қатнаб ўқийди. Улар коллежга бориш учун анча вақт ва маблағ сарфлайди. Бу муаммо кўпчилик оилаларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Шу боис ўқувчиларга бирорта автобус ажратилишини сўраб, Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилган эдим. Бугунги сайёр қабулда бу муаммо ечимини топадиган бўлди. Туман ҳокимининг ўзи бу масалани чуқур ўрганиб, ҳал этиб беришга ваъда қилди. 

– Қишлоғимиз чўл ҳудудда жойлашгани боис ичимлик суви доим муаммо бўлиб келган, – дейди Деҳқонобод тумани Отқамар қишлоғидан Кенжа Жумаев. – Қишлоғимизда 4 мингга яқин аҳоли яшайди. Шунча одам 40 километр масофадан тортиб келинган қувурдан сув ичарди. Аммо кейинги пайтларда қувурнинг юқори қисмида ноқонуний сув олишлар ниҳоятда кўпайиб кетгани учун қишлоғимизга сув келмай қолди. Ҳозир сувни қиммат нархда махсус машиналарда ташиб келтиряпмиз. Бу муаммо юзасидан бир неча йил давомида мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Ҳеч биридан ижобий жавоб ололмадик. Охири Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилдик. Бугун сайёр қабулда мутасаддилар дардимизни эшитиб, ичимлик суви муаммосини ҳал этиб берадиган бўлди. 

– Бир неча йил аввал яхши ниятлар билан тадбиркорликни бошлаган эдим, – дейди ғузорлик Шоҳрух Салимов. – Фармацевтика мутахассиси бўлганим боис ижарага жой олиб, хусусий дорихона очдим. Ўзимни бироз тиклаб олгач, ер олиб бино қуришни мақсад қилдим. Бундан уч йил аввал туман марказий шифохонасига яқин жойдан бир сотихга яқин ер олиб, белгиланган тартибда расмийлаштирдим. Кейин бино қурилиши бўйича ишларни бошлаб юбордим. Аммо ўша маҳаллада яшайдиган бир гуруҳ фуқаролар бунга қарши чиқди. Ёз-ёз бошланди. Иш судда кўрилиб, менинг фойдамга ҳал бўлди. Яна ишни бошладик. Бироқ яна шу ҳолат такрорланди. Яна қурилиш тўхтади, яна суд, яна менинг фойдамга чиқарилган қарор... Ишонасизми, уч йилдан буён аҳвол шу. Ўтган даврда 11 марта суд мажлиси бўлди ва ҳаммаси менинг фойдамга қарор чиқарди. Лекин, аҳвол ўзгармаяпти. Шу боис Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Масъуллар муаммони ўрганиб, адолатли қарор чиқаришга ваъда беришди. Умид қиламанки, бу гал ишлар яхши томонга ўзгаради. 

Худди шундай сайёр қабуллар Шаҳрисабз ва Чироқчи туманларида ҳам бўлиб ўтди. Сайёр қабуллар давомида имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ногиронлик аравачаси ва тикув машиналари ҳадя қилинди.

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться