Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳиндистоннинг “Apоllo” клиникаси шифокорлари Наманганда
2017-09-15 | Жамият
Ҳиндистоннинг “Apоllo” клиникасининг бир гуруҳ мутахассислари Наманган вилояти тиббиёт муассасаларида беморларни қабул қилди ва маҳаллий шифокорлар билан тажриба алмашди.
Деҳли шаҳридаги мазкур тиббиёт муассасаси халқаро департаменти директори, профессор Мунир Аҳмад ва клиника бош кардиологи Випул Рой Янгиқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида тери-таносил касалликлари ва юрак хасталигидан азият чекаётган 200 га яқин беморни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
– Илгари нафақат хорижлик, балки вилоят марказидаги тиббиёт муассасалари шифокорлари ҳам қишлоққа келиб аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиши орзу эди, холос, – дейди Бирлашган қишлоғида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси М.Аълохўжаева. – Энди эса йилига икки-уч марта ҳали Тошкентдан, ҳали вилоят марказидан малакали шифокорлар келиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Мана, энди чет эллик шифокорлар ҳам тез-тез келаётир. Бу мамлакатимизда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир. Бундай ғамхўрликлардан айниқса, биз, кексалар жуда мамнунмиз.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази консультатив поликлиникасида ташкил этилган тиббий кўрикда хорижлик шифокорлар кардиология, тери-таносил касалликлари, ортопедия ва гепатология соҳалари бўйича беморларга тиббий хизмат кўрсатди.
Маҳорат дарсларида ҳиндистонлик шифокорларнинг илмий маърузалари тингланиб, ўзаро тажриба алмашилди.
– Ўзбекистонга биринчи келишим, – дейди доктор Ятиндер Ҳарбанда. – Юртингизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор тиббий хизмат сифати янада юксалишидан далолатдир. Келгусида травматология-ортопедия ва тиббиётнинг бошқа қатор йўналишлари бўйича ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланишига ишонаман.
– Ҳиндистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни изчил давом эттириш юзасидан келишиб олинди, – дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси С.Мўминов. – Унга кўра, “Apоllo” клиникаси вакиллари ҳар ойда вилоятимизга келиб, даволаш ва диагностика ишлари олиб боради. Ўзаро тажриба алмашиш максадида Деҳли ва Наманганда икки давлат шифокорларининг ўқувлари ташкил этилади.
Манба: ЎзА