Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида

2017-09-14 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги ПҚ-3275-сон қарори

Ўзбекистон тарихида астрономияга оид тадқиқотларнинг илдизлари энг қадимги даврга бориб тақалади. Милоддан аввалги биринчи минг йилликда Ўзбекистон ҳудудида деҳқончиликнинг ривожланган тарихий-маданий марказларида Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракатланиш қонуниятларига доир чуқур билимларга асосланган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш муддатларини белгиловчи тақвимларни ишлаб чиққанлар. Ўзбекистонда астрономия фанининг жадал суръатларда ривожланиши ўрта асрлар даврига тўғри келади. Ўрта асрлар даврининг буюк мутафаккирлари Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райхон Беруний, айниқса Мирзо Улуғбекнинг математика ва астрономиянинг ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган.

Астрономия фанининг келгусидаги ривожланиши иқтидорли ёшлар орасидан ушбу соҳанинг малакали кадрларини тайёрлаш самарадорлигини оширишни талаб этиши, ўсиб келаётган ёш авлодни астрономияни ўрганиш бўйича халқимизнинг тарихий анъаналарига садоқат руҳида тарбиялаш, иқтидорли ёшларнинг астрономия ва аэронавтика фаолияти соҳасидаги миллий ва умумжаҳон илм-фанининг янги ютуқларини ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган интилишини ривожлантириш, ёшларни аэронавтика фани ва техника асосларини эгаллаши учун шарт-шароит яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Халқ таълими вазирлигининг Фанлар академиясининг Астрономия институти (кейинги ўринларда – Астрономия институти) қошида 200 ўқувчи ўрни ва 150 ўринли турар жойига эга бўлган, математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини (кейинги ўринларда – мактаб-интернат) ташкил этиш таклифига розилик берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. Астрономия институтига мактабнинг ўқув жараёнида соҳанинг етакчи мутахассислари иштирокини таъминлаш, институтнинг мавжуд асбоб-ускуналаридан фойдаланган ҳолда астрономия бўйича дарс ва амалий машғулотларни ташкил этиш вазифаси юклатилсин.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиши Давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда:

Астрономия институти ҳудудида мактаб-интернат биноси ва ўқувчилар турар жойини қуриш учун жой ажратиш;

мактаб-интернат биноси ва ўқувчилар турар жойи қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

мактаб-интернатни қуриш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил Инвестиция дастури доирасида Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасидан маблағлар ажратиш вазифалари юклатилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва кенг жамоатчилик вакилларининг:

Тошкент шаҳар, Астрономия кўчаси 33-уй манзилида Астрономия институти ҳудудида “Астрономия ва аэронавтика” боғи ва Планетарияни ташкил этиш;

Астрономия институтининг асосий ва тарихий биноларини, шунингдек маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган телескоплар павильонларини капитал таъмирлаш бўйича таклифлари маъқуллансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмасига мувофиқ Мудофаа вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва “Тошкент механика заводи” АЖ тасарруфидаги самолёт намуналарини боғда жойлаштириш учун ажратиш вазифаси юклатилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда мактаб-интернат ва боғни ташкил этиш, Астрономия институтининг асосий ва тарихий биноларини капитал таъмирлаш билан боғлиқ ташкилий масалалар ва молиялаштириш манбаларини аниқлашга қаратилган чораларни кўрсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклатилсин.

 

 

                              Ўзбекистон Республикаси
                                          Президенти                                                                                           Ш.Мирзиёев

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться