Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Медиа соҳадаги халқаро ҳамкорлик
2017-09-14 | Жамият
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан "Медиа соҳасида халқаро алоқалар – замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашнинг муҳим омили" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Журналистлар ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан адабиёт, санъат, маданият билан бир қаторда оммавий ахборот воситалари соҳаси равнақига доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашуви чоғида маънавий-маърифий жабҳалар каби оммавий ахборот воситаларини бугунги шиддатли замонга ҳамоҳанг ривожлантиришга оид масалалар, соҳа ходимлари зиммасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. 2017 йил 10 август куни қабул қилинган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор бу борадаги амалий ғамхўрликнинг ёрқин тасдиғидир.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг халқаро медиа майдонга интеграциялашувида жаҳондаги нуфузли нашрлар, ижодий компаниялар билан самарали алоқалар ўрнатиш, АКТ ва хорижий тилларни пухта эгаллаш муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилларда юртимиз оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган бир гуруҳ журналистлар хорижда малака оширди. Миллий журналистикамиз ривожида ўзига хос ўринга эга бўлган бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бу борада ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муайян ишларни олиб бормоқда. Хусусан, "Олтин қалам" Миллий мукофоти учун халқаро танлов доирасида кейинги йилларда уюшма ҳамкори бўлган халқаро ташкилотлар медиа мутахассислар учун хорижий сафарларни ташкил этмоқда. Бундай лойиҳалар давомида ходимлар учун нуфузли ахборот агентликлари, етакчи нашрлар фаолияти билан танишиш, чет эллик ҳамкасблар билан тажриба алмашиш имконияти яратилди. ЮНЕСКОнинг юртимиздаги ваколатхонаси томонидан Франция, Эстония, Буюк Британия каби давлатларга ташкил этилган сафарлар бунинг исботидир.
Айни пайтда Хитой Халқ Республикаси билан ҳам медиа соҳада кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилгани эътиборга молик. Уюшма томонидан ХХРнинг юртимиздаги элчихонаси билан биргаликда ташкил этилган медиа-тур иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
– Хорижий сафар ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, – дейди "Саодат" журнали бош муҳаррири Феруза Жалилова. – Биз Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари фаолияти билан яқиндан танишдик, тажриба алмашдик. Шунингдек, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида хорижлик ҳамкасбларимизга сўзлаб бердик.
Анжуманда медиа-турда қатнашган ижодкорлар ўз таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.
Манба: ЎзА