Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида: долзарб вазифалар белгиланди
2017-09-12 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Депутатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда фракция олдида турган долзарб вазифаларни кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, мазкур фармон 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда муҳим қадам бўлди. Хусусан, унда давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 асосий йўналиши белгилаб берилгани соҳа тараққиётига хизмат қилади. Маъмурий ислоҳотларнинг тизимли амалга оширилиши ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини яратишга асос бўлади.
Шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлиги ортади. Мамлакатимизда маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойилни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Депутатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва депутат назорати олиб борилиши бўйича фракциянинг асосий йўналишларини муҳокама қилди. Жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларида ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий технологик усулларини кенг қўллаш учун етарли шарт-шароитлар яратиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда узоқ муддатли лизинг хизматлари, кредит ажратиш ва молиявий ёрдам кўрсатишга оид ишларнинг талаб даражасида эмаслиги, мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш борасида самарали парламент ва депутатлик назорати олиб боришни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Манба: ЎзА