Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги ҳайдовчилик сертификати жорий этилади
2017-09-12 | Жамият
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳайдовчилик маданияти ва автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг билим даражасини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ахборот-коммуникация ва таълим технологияларидан фойдаланиш асосида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида қўлланилаётган инновация услублари ўқитиш жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Бу эса малака имтиҳонларини топшириш самарадорлигини ошириш ҳамда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласида ҳуқуқий маданиятини таъминлаш имконини бермоқда.
Аммо аксарият ҳолларда юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисалари иштирокчиларига айланиб қолмоқда. Бу эса ҳайдовчилар малакасини мунтазам оширишни назарда тутадиган қонун талаблари етарли даражада бажарилмаётганидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 сентябрдаги «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳайдовчилар малакасини мунтазам ошириш, бу орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаради.
Қарорда йўл ҳаракати хавфсизлиги, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кучайтириш, шунингдек, ўқув жараёнига инновация услубларини жорий этиш йўли билан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш тартибини такомиллаштириш вазифалари белгиланган.
Маълумки, «Avtotest Report» масъулияти чекланган жамиятида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқитишнинг уйғунлашган услублари қўлланилади. Шунингдек, ўқув жараёнига ўқувчиларнинг ўқув даражасини оширишга қаратилган, ўқитиш мониторингини олиб бориш ва уни режалаштириш имконини берадиган автоматлаштирилган комплекс ахборот тизими жорий этилган.
Қарорга асосан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранпорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги белгиланди. Шунингдек, ҳайдовчиларга малака оширгани тўғрисида «Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг сертификати топширилиши назарда тутилган. Қарордан келиб чиқиб, 2018 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини сертификатсиз бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
Манба: ЎзА