Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Guinness World Records вакили Стенинг Ричард: Бугун Тошкентда тайёрланаётган ош албатта, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилади, деб ўйлайман

2017-09-08 | Жамият

Пойтахтимизнинг Сайлгоҳ кўчасида “O‘zbegim” миллий қадриятлар фестивали бўлиб ўтмоқда.
 

“Milliy” телеканал томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур тантанали фестивалда кенг жамоатчилик ва дипломатик корпус вакиллари, хорижлик меҳмонлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган фестивалдан асосий мақсад жонажон юртимиз маданий қадрияти, урф-одати ва анъаналарини асраб-авайлаш, тарғиб қилиш ҳамда халқимизнинг азалий ва боқий мероси билан юртдошларимиз ва халқаро жамоатчиликни янада таништириш, уларни намойиш этиш асносида мамлакат сайёҳлик салоҳиятини янада равнақ эттиришга қаратилган. 

Халқ сайли кўринишига эга фестивалда амалий ва тасвирий санъат намуналари намойиш этилмоқда, маҳорат дарслари, халқ ўйинлари ва томошалари, миллий расм-русумлар каби қатор тадбирлар ўтказилмоқда. 

Фестивалнинг энг ёрқин ҳодисаси ўзбек миллий таоми – палов тайёрлаш жараёнида Guinness World Records вакиллари бевосита иштирок этмоқда. Экспертлар тайёрланган паловнинг миқдори бўйича жаҳон рекордини қайд этадилар, унинг миқдори деярли 8 тонна бўлади. Мингдан зиёд меҳмонлар, яъни фестивалнинг барча иштирокчиларига Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ ошпазлари тайёрлаган паловдан татиб кўриш имкони ёқимли совға бўлиши шубҳасиз. Умумий ҳисобда паловни тайёрлаш, тарқатиш, ташкилий ишларида куну тун 200 дан ортиқ турли соҳа мутахассислари меҳнат қилдилар. Уларни бир мақсад бирлаштиради – Ўзбекистоннинг бой ва ноёб маданиятини бутун жаҳонга намойиш этиш. 

Паловни тайёрлаш учун рекорд миқдордаги масаллиқлардан фойдаланилмоқда. Хусусан, 1 850 килограмм гўшт, 200 килограммдан ортиқ думба, 1 850 килограмм гуруч, 1 850 килограмм сабзи , 200 килограммдан ортиқ пиёз, 400 литрдан зиёд ўсимлик ёғи ва бошқа масаллиқлар қўшилган. 

– Ўзбек миллий таомлари жаҳонда жуда қадрланади, – дейди Guinness World Records вакили Стенинг Ричард. – Айниқса, паловни хуш кўрувчилар кўп. Гиннеснинг рекордлар китобига кириш учун таомнинг масаллиғи тўрт тоннадан ортиқ бўлиши керак. Биз ҳаяжон билан кутаяпмиз. Бугун Тошкентда тайёрланаётган ош албатта, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилади, деб ўйлайман. 

Палов диаметри 4,2 метр, ҳажми деярли 8 минг литр бўлган қозонда тайёрланмоқда. Олмалиқ кон-металлургия заводида махсус қуйилган қозоннинг оғирлиги 7070 кг, чуқурлиги 1,5 метр. Қозон жойланган ўчоқ эса 3 тонна оғирликка эга. 

Фестиваль жараёни Сайлгоҳ кўчасида ўрнатилган 20 дан ортиқ экранда намойиш этилаяпти. Шунингдек, “Milliy” телеканали, Guinness World Recordsнинг Facebookдаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда.

 

Зиёдулла Жонибеков, Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться