Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек ошпазлари Гиннес рекордлар китобига кирмоқчи
2017-09-07 | Жамият
Жорий йил 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «O‘zbegim» миллий қадриятлар фестивалида ўзбек миллий анъана ва удумлари намойиш этилади. Жумладан, моҳир ошпазларимизнинг миллий таом – палов тайёрлаш жараёнини Гиннес рекордлар китоби вакиллари кузатади. Мазкур тадбирлар доирасида ўзбек халқининг азалий ва боқий анъаналарига бағишланган «O‘zbegim» китобининг тақдимоти ҳам бўлади.
Пойтахтимизнинг Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда маълумот берилди.
“Milliy” телеканали директори Ҳ.Солиҳов ва бошқалар ўзбек халқининг миллий ва азалий қадриятларини, анъаналарини улуғлаш ва асраб-авайлаш баробарида, бу боқий меросни нафақат халқимизга, балки жаҳонга намойиш қилиш, таништириш «O‘zbegim» миллий қадриятлар фестивалининг асосий мақсади эканини таъкидлади.
“Milliy” телеканали ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган халқ сайли тарзидаги фестиваль ўзбек миллий анъаналари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий таомлар, маҳорат дарслари, дорбозлар ва халқ ўйинлари, либослар намойиши, концерт дастурлари каби қатор тадбирларни ўзида жамлаган.
– «O‘zbegim» миллий қадриятлар фестивалининг асосий тадбирлари пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасида ташкил этилади, – дейди “Milliy” телеканали матбуот котиби А.Исмоилов. – Шунингдек, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида ҳам тадбирлар ўтказилади. Айни пайтда фестивалга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Миллий ва замонавий декорациялар уйғунлигида безатилаётган саҳналар, махсус устахоналар, ярмаркалар иштирокчиларни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, тайёрланадиган паловнинг миқдори 8 тоннагача бўлиши ва бу борада жаҳон рекорди ўрнатилиши кутилаётгани ҳамюртларимиз, хорижлик меҳмонларда катта таассурот уйғотади, деган умиддамиз.
Манба: ЎзА