Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм бўйича халқаро видеоролик мусобақаси
2017-09-06 | Туризм
Ўзбекистон видеоролигига овоз берамиз!
БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) аъзо 156 мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида энг яхши сайёҳлик видеоролиги номинацияси бўйича танлов эълон қилган эди.
Июль ойида якунига етган саралаш натижасида «Томошабинлар танлови» номинацияси якуний босқичида иштирок этиш учун UNWTO комиссия аъзолари томонидан Ўзбекистоннинг гастрономик ролиги танлаб олинди .
Якуний босқич эса жорий йилнинг 11 сентябригача давом этиб, энг кўп овоз тўплаган мамлакат видео ролиги ғолиб деб топилади. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, юртимиз ошхонасига бағишланган видео ролик учун овоз беришингизни сўраймиз.
Бунинг учун қуйидаги саҳифага кириб, анкетага исмингиз, электрон манзилингиз ва овоз бераётган мамлакат номини киритасиз. Мусобақага танлаб олинган барча роликлар билан танишиб чиқиш учун махсус саҳифага ўтишингиз мумкин. Ҳар бир овоз аҳамиятга эга. Сизнинг ва дўстларингизнинг фаол иштироки Ўзбекистон сайёҳлик брендини янада танилишига ўз ҳиссасини қўшади.
Танловнинг барча номинациялари ғолиблари 11-16 сентябрь кунлари Хитойнинг Ченду шаҳрида бўлиб ўтадиган UNWTO Бош Ассамблеясининг 2 сессиясида эълон қилинади.
Танлов натижалари ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда UNWTO нинг Ўзбекистондаги “Ипак Йўли офиси” қўшимча хабар беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги