Нукус шаҳрида яна бир йирик саноат корхонаси–“Нукус полимер” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади
Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда Нукус шаҳрида яна бир йирик саноат корхонаси – “Нукус полимер” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукус шаҳрида қуриладиган полимер маҳсулотлари заводи участкасида амалга ошириладиган ишлар бўйича бир қатор кўрсатма ва топшириқлар берди. Импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Ана шундай лойиҳалардан бири – умумий қиймати 27,1 миллиард сўм бўлган “Нукус полимер” корхонаси қурилиши қисқа фурсатларда сифатли амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев, “Uz-Kor Gas Chemical” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона директори ўринбосари Ж.Шарипов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида саноат ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар сифати ва ҳажми ортаётганини таъкидлади. Бу юртимиз иқтисодиётини юксалтириш билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Қарийб 2 гектар майдонни эгаллаган ушбу корхонада полиэтилен ва полипропилен гранулалар қайта ишланиб, газ ва канализация тармоқлари учун замонавий пластмасса қувурлари ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йил охирига қадар корхонанинг учинчи ва тўртинчи линиялари ишга туширилгач, 138 киши доимий иш билан таъминланади. Бу ерда йилига 8 минг тонна полиэтилен ва полипропилен гранулаларидан диаметри 16 миллиметрдан 630 миллиметргача бўлган 12 хил қувур ишлаб чиқарилади.
Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА