Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Осиё от спорти федерацияси вакиллари Ўзбекистонда

2017-09-04 | Спорт

Мамлакатимизга ташриф буюрган Осиё от спорти федерацияси президенти Ҳамад Бин Абдулраҳмон Ал Аттия бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов билан учрашди.

Учрашувда мамлакатимизда спортни ва Олимпия ҳаракатини изчил ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, от спорти ҳам юртимизда жадал оммалашмоқда. Йилқичилик ва от спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги авлод чавандозларини тайёрлаш ва тарбиялаш, миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш, аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида от спортини фаол тарғибот қилиш ва оммалаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июндаги «Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

– Ўзбекистонда спортни изчил ривожлантириш, жумладан, от спортига катта эътибор қаратилаётгани эътиборга моликдир, – деди Ҳамад Бин Абдулраҳмон Ал Аттия. – Мамлакатингизда от спортини ҳар томонлама тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлдик. Осиё от спорти федерацияси ва Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш минтақада мазкур спорт турини янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонаман. 

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси томонидан мазкур спорт турининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор юртимизда зотдор отларни етиштириш ва парваришлаш, от спорти тузилмаларини зарур восита ва анжомлар билан таъминлаш, жойларда замонавий мактаблар фаолиятини янада кучайтириш, ёш чавандозлар билан тизимли машғулотлар олиб бориш, тажрибали чавандозларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишига эришиш, нуфузли мусобақаларни халқаро талабларга мувофиқ ташкил этишга хизмат қилмоқда. Мунтазам ташкил этилаётган чемпионат ва биринчиликлар ёш спортчиларнинг тажриба ва маҳоратини оширишга хизмат қилаётир. 

Учрашувда Осиё от спорти федерацияси ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

* * *

Осиё от спорти федерацияси делегацияси аъзолари пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасини зиёрат қилди. Шунингдек, меҳмонлар "Марказий ипподром" от спорти базаси, "Babos" от спорти клуби фаолияти билан танишади ҳамда Самарқанд шаҳрига боради.

 

Байрам Айтмуродов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться