Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали очилди
2017-09-02 | Сиёсат
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг барҳаёт сиймоси ёд этилмоқда. 2017 йил 31 август куни пойтахтимизда мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг улуғвор ҳайкали очилган эди. Шундай маросим 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирда иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Самарқанд рамзи бўлган Регистон майдони ёнидаги хиёбонда, Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадон яқинида Биринчи Президентимизга ҳайкал ўрнатилган. Бу ерга ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар жам бўлди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигининг асосчиси, буюк сиёсатчи, доно ислоҳотчи, тинчликпарвар ва халқпарвар давлат раҳбари сифатида халқимиз орасида, бутун дунёда катта ҳурмат қозонган эди.
Биринчи Президентимизга хос бўлган букилмас ирода, ватанпарварлик, мардлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барча учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди.
Ислом Каримов Ўзбекистон манфаатини ҳамма нарсадан устун қўяр, унинг тараққиёти учун жонини ҳам аямасди.
Шавкат Мирзиёев ва Биринчи Президентимизнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалини очди. Буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ислом Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкалларни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўрнатиш белгиланган эди.
Самарқанд шаҳрида очилган ҳайкал элу юртимизнинг Ислом Каримовга юксак ҳурмати ва меҳр-муҳаббатининг яна бир ифодаси бўлди.
Маросимда “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Ҳ.Нормуродов, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, Самарқанд шаҳридаги 43-ихтисослашган мактаб директори Е.Компольшик, Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Д.Олимова, Биринчи Президентимизнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини ёдга олди. Буюк Йўлбошчимизнинг турли синов ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтгани, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, турмуш шароитини янада яхшилаш йўлида тинимсиз меҳнат қилганини таъкидлади.
Биринчи Президентимиз ҳайкали пойи гулларга бурканди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, элга эҳсон дастурхони ёзилди.
Манба: ЎзА