Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилади
2017-09-01 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 апрель куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташрифи чоғида Имом Термизий жомеъ масжидини реконструкция қилиш бўйича топшириқ берган ва Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида Ислом маданияти марказини ташкил этиш таклифини билдирган эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, мазкур марказ лойиҳаси билан танишди.
Мамлакатимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоиҳида эътибор қаратилмоқда. Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда, Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Шуларни инобатга олиб, давлатимиз раҳбари Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази, деб ўзгартириш таклифини билдирди.
Лойиҳага кўра, ушбу марказда академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиб, уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш, 300 ўринли конференция зали барпо этиш кўзда тутилган.
Биз аждодларимиз билан доимо фахрланиб келганмиз, деди давлатимиз раҳбари. Шундай экан, ўзимиз ҳам уларга муносиб бўлишимиз керак. Ташкил этилаётган марказда ҳам бунинг учун барча шароитларни яратиш, етук олимларни жалб қилиш лозим. Мазкур соҳага оид адабиётларни жамлаш, чет элларда бўлса, юртимизга олиб келиш чораларини кўриш зарур. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги диний йўналишдаги тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси ҳам марказ ихтиёрига ўтказилади. Бу ерда сабоқ берадиган ўқитувчилар билими ва савиясига алоҳида эътибор қаратиш даркор.
Шавкат Мирзиёев марказ қурилиши бўйича тақдим қилинган лойиҳага алоҳида эътибор қаратди.
Бу марказ бизнинг ислом дини тарғиботидаги юзимиз бўлади. Шундай экан, унинг ташқи кўриниши, бу ерда ишлатиладиган қурилиш материалларига ҳам эътибор қаратиш лозим. Одатдаги, кўзимиз ўрганиб қолган лойиҳалардан воз кечиб, янги шакл ва дизайн топишимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.
Лойиҳаларда марказ қурилиши муносабати билан бошқа жойга кўчириладиган аҳоли учун барпо этиладиган янги замонавий уй-жойлар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўз аксини топган.
Президентимиз давлат ва жамоат ташкилотлари, Мусулмонлар идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти