Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бугун боксчиларимиз жаҳон чемпионатининг ярим финал йўлланмаси учун баҳслашади
2017-08-29 | Спорт
Германиянинг Гамбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи давра баҳслари якунланди.
Чемпионатда 60 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган юртдошимиз Элнур Абдураимов ушбу босқичда арманистонлик Карен Тонаканянни мағлубиятга учратган бўлса, вазни 69 килограмм бўлган Шаҳрам Ғиёсов украиналик Легенли Барабанов устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Энг оғир вазн тоифасида беллашаётган боксчимиз Баҳодир Жалолов даниялик Кем Ларсенни бир ярим дақиқада техник нокаутга учратди. Шунингдек, Жасурбек Латипов (52 кг) болгариялик Даниэл Асеновни, Бектемир Мелиқўзиев (81 кг) россиялик Муслим Гаджимагомедовни енгди.
29 август куни бўлиб ўтадиган чорак финал беллашувларида Иқболжон Холдоров германиялик Артем Харутюнян, Ҳасанбой Дўсматов ҳиндистонлик Амит, Исроил Мадримов АҚШ вакили Трой Ислей, Санжар Турсунов нидерландиялик Рой Корвин, Элнур Абдураимов грузиялик Отар Ерносян, Баҳодир Жалолов қозоғистонлик Камшибек Кункабаев, Шаҳрам Ғиёсов англиялик Пет Маккормак, Жасур Латипов колумбиялик Авила Сегура, Бектемир Мелиқўзиев қозоғистонлик Ерик Алжановга қарши рингга кўтарилади.
Манба: ЎзА