Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Квон Ён У: Ҳаракатлар стратегияси–Ўзбекистон буюк келажагини таъминлаш дастури

2017-08-29 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва ҳурмат, дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган. Ўзбек ва корейс халқларининг маданияти ва менталитети ўхшаш, меҳнатсеварлик, садоқат, меҳр-оқибат каби фазилатлар халқларимизни бир-бирига боғлаб туради. Бу жиҳатлар икки мамлакатнинг дўстлиги ва ҳамкорлигида муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ЎзА мухбирининг саволларига жавоб берди. 

– Жаноб элчи, мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда. Ўтган даврда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз? 

– Ўзбекистон халқи ўз мустақиллигини қўлга киритганидан буён ўтган давр мобайнида мураккаб шароитларга қарамай, салмоқли даражадаги миллий юксалишга эришгани таҳсинга сазовор. 

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрь ойида халқ томонидан мутлақ қўллаб-қувватланган ҳолда мамлакат Президенти лавозимига киришганидан сўнг жамият ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашни кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш ва суд тизимини такомиллаштириш йўналишида фаол ислоҳотлар олиб бормоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатни янада ривожлантиришнинг давлат бошқаруви, қонунчилик тизими, иқтисодиёт, жамият, хавфсизлик ва ташқи сиёсат каби устувор йўналишларида аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб берган, пировардида давлатнинг буюк келажагини таъминлайдиган дастурдир. 

Фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш Стратегиянинг асосий йўналишларидан бири экани, қолаверса, унда давлат ҳокимияти ва иқтисодиётни такомиллаштириш учун барча зарур омиллар инобатга олинганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳамкорлиги Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг равишда муваффақиятли ривожланмоқда. Масалан, давлат бошқаруви соҳасида "электрон ҳукумат" тизимини такомиллаштириш бўйича иш олиб борилмоқда, KSP (Knowledge Sharing Program) билим алмашиш дастурлари ёрдамида Корея Республикасининг иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги тажрибаси оммалаштирилмоқда, Жанубий Корея ва Ўзбекистон корхоналарининг қўшма лойиҳаларини амалга ошириш орқали мамлакатингиз саноати рақобатбардошлиги оширилмоқда, касбга ўқитиш марказлари, шифохоналар, саноат мажмуалари, аэропорт қуриш, ODA беғараз ёрдам лойиҳалари доирасида сувдан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистонда Жанубий Корея университетлари филиалларини очиш орқали илмий-технологик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларида ҳамкорлик қилинмоқда. Албатта, қишлоқ хўжалиги ҳам икки томонлама ҳамкорлигимизни ривожлантиришда истиқболли йўналишлардан. 

– Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳақида сўзлаб берсангиз. Сизнингча, мамлакатларимиз ҳамкорлигида қайси йўналишлар устувор аҳамиятга эга? 

– 1992 йил 29 январь куни Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатган. Ўтган 25 йил давомида мамлакатларимиз ўртасида яқин ва дўстона алоқалар шаклланди. 

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил июнь ойида Корея Республикасига илк ташрифи бунинг учун мустаҳкам асос яратди. 2006 йилда стратегик шерикликни йўлга қўйган мамлакатларимиз бугун барча соҳаларда – сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, маданият, фан-техника йўналишларида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаб, халқаро майдонда изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидан бири бўлиб, мамлакатингиз иқтисодиётига инвестиция киритиш бўйича учинчи ўринда туради. Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика, инфратузилма, АКТ, тўқимачилик, логистика, молия, автомобилсозлик ва бошқа кўплаб соҳаларда Жанубий Кореянинг беш юзга яқин компанияси самарали фаолият юритмоқда. 

2016 йил май ойида якунланган Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини барпо этиш лойиҳасини алоҳида қайд этиш лозим. Шубҳасиз, ушбу лойиҳа ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизнинг ёрқин тимсолидир. Жорий йилнинг 31 март – 1 апрель кунлари Қорақалпоғистондаги ушбу мажмуа жойлашган Оқчалак қўрғонида бўлдим. Саҳро қўйнидаги ушбу мўъжиза завод Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликнинг улкан салоҳиятидан дарак бериб турибди. Жаҳоннинг 40 мамлакатига юқори қўшимча қийматга эга полимер маҳсулотларни экспорт қилаётган мазкур мажмуа Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. 

Ўзбекистон халқининг корейс маданияти, киноси, замонавий мусиқаси, таомларига бўлган катта қизиқиши туфайли мамлакатингиз Марказий Осиёда корейс маданиятининг марказига айланди. Бизда ҳам Ўзбекистон ва ўзбек маданиятига қизиқиш тобора ортмоқда. 

Ўтган 25 йил ичида меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, таълим олишга интилиш каби миллий қадриятларимиз, давлатларимиз раҳбарларининг мунтазам учрашувлари давомида шаклланган самимий ишонч ва ўзаро англашув руҳидаги муносабатлар ҳамда халқларимиз ўртасидаги дўстлик туфайли стратегик шерикликнинг шундай юксак даражасига эришдик. 

Бугун икки томонлама муносабатларимиз тарихида янги босқич бошланмоқда. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада эришилган муваффақиятлар асосида Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилиб, қатъият билан амалга оширилмоқда, давлат ва жамият ҳаёти янги босқичга кўтарилмоқда. 

Корея Республикаси ўтган йигирма беш йил давомида Ўзбекистоннинг муҳим шериги бўлиб келди, бундан буён ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораверишига ишонамиз. 

– Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатини қандай баҳолайсиз? Корея Республикасининг инвестицияларини янада кенг жалб қилишнинг истиқболлари қандай? 

– Ўйлайманки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан иқтисодиётни либераллаштириш, жумладан, молия тизимини такомиллаштириш, саноат, қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификация қилиш, ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган сиёсат иқтисодиёт барқарорлиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш ва чет эл инвестицияларини жалб қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Корея Республикаси Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларда иштирок этишни доимо қўллаб-қувватлайди. Келгусида Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси каби янги йирик лойиҳаларни амалга оширамиз, деб умид қиламан. 

Корея Республикаси Ўзбекистон билан товар айирбошлашни кенгайтириш, АКТ соҳасини ривожлантириш, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларни такомиллаштириш каби йўналишларда икки томонлама муносабатлар даражасини жадал юксалтириш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр. 

Мустақиллик байрами арафасида кўп миллатли Ўзбекистон халқига буюк келажакни барпо этиш йўлида сиҳат-саломатлик, бундан-да юксак тараққиёт ва муваффақиятлар тилайман.

 

Нодира Манзурова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться