Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тўрт боксчимиз чорак финалда
2017-08-28 | Спорт
Германиянинг Гамбург шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари Иқболжон Холдоров, Санжар Турсунов, Ҳасанбой Дўсматов ва Исроил Мадримов иккинчи давра баҳсларида зафар қучиб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
И.Холдоров 64 килограмм вазн тоифасида колумбиялик Жон Гутерресга қарши рингга кўтарилиб 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 91 килограммлик чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувда С.Турсунов аргентиналик Яра Пералтага ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Ҳасанбой Дўсматов (49 кг) Коста-Рика вакили Робинсон Родригес билан баҳслашди. Мазкур жангда ўзининг тезкор ва аниқ зарбалари ҳамда юксак техникасини намойиш этган Ҳасанбой рақибини йирик ҳисобда мағлубиятга учратди. 75 килограмм вазн тоифасида беллашаётган Исроил Мадримов туркманистонлик Азиз Ачиловни учинчи раундда техник нокаутга учратиб, ғолиб бўлди.
Муроджон Аҳмадалиев (56 кг) қозоғистонлик Қайрат Ералиевга имкониятни бой бериб қўйди.
Жаҳон чемпионатининг бугун бўлиб ўтадиган баҳсларида Шаҳрам Ғиёсов ва украиналик Евгений Барабанов, Баҳодир Жалолов ва даниялик Кем Ларсен, Элнур Абдураимов ва арманистонлик Карен Тонаканян, Жасур Латипов ва болгариялик Даниел Асинов, Бектемир Мелиқўзиев ва россиялик Муслим Гаджимагомедов чорак финал йўлланмаси учун куч синашади.
Манба: ЎзА