Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ҳарбий оркестри халқаро фестивалда
2017-08-28 | Маданият
Жорий йилнинг 26 августидан 3 сентябригача Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган “Спасская башня” Х халқаро ҳарбий-мусиқа фестивалида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг алоҳида намунали-кўргазмали ҳарбий оркестри ҳам иштирок этмоқда.
Оркестрга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестр хизматининг бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Павел Макаров раҳбарлик қилмоқда. Ҳарбий мусиқа ихлосмандлари ушбу истеъдодли санъаткорни “Жонажон Ўзбекистон”, “Мустақиллик”, “Ватан”, “Амир Темур” сингари маршлари орқали яхши билади.
Оркестр кўплаб халқаро ҳарбий мусиқий фестивалларда иштирок этиб, катта тажриба тўплаган. Оркестр Америка Қўшма Штатларининг Пентагон штаб-квартирасида, Норфолк ҳарбий-денгиз базаси ва ҳарбий-денгиз академиясида концерт дастурлари намойиш этган. Шунингдек, Германияда ўтказилган XIII Берлин ва VII Кёльн халқаро ҳарбий оркестрлар фестивалида ҳам иштирок этган.
Ҳарбий мусиқачиларимиз ушбу фестивалга пухта тайёргарлик билан борди. Оркестр репертуаридан 60 дан ортиқ асар ўрин олган. Карнай, сурнай ва бошқа миллий мусиқа асбобларидан фойдаланиш, шунингдек, концерт дастурларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли рақс гуруҳининг иштироки фестивалга ўзгача шукуҳ бағишламоқда.
Ҳарбий оркестрда хизмат қилиш – ўта масъулиятли вазифа. Ҳарбий мусиқачилар сафда юрганда ҳам, маршда ҳам куй-қўшиқ ижро этишдан ташқари, бир пайтнинг ўзида мусиқа асбобини чалиши, баравар қадам ташлаши лозим. Бу ўзига хос мураккаб жараёндир.
– “Спасская башня” фестивали доирасида дунёга машҳур ижрочилар иштирокида мумтоз мусиқа концертлари ҳам бўлиб ўтади, –дейди оркестр раҳбари Рамиль Асфандияров. – Фестиваль доирасида хайрия тадбирларига ҳам алоҳида ўрин берилган. Турли аҳоли қатламлари, жумладан, болаларга мўлжалланган концерт дастурларини ташкил этиш кўзда тутилган. Шу жиҳат ҳисобга олинган ҳолда концерт дастуридан бир неча кутилмаган мусиқий чиқишлар ҳам ўрин олган. Айниқса, Хайрулло Юсупов раҳбарлик қилаётган карнайчилар гуруҳининг чиқиши томошабинларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
Маданият ва санъат, маънавият ва армия тушунчаларини бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, Ватан ҳимояси халқ яратган барча нарсалар – авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш деганидир. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги алоҳида намунали-кўргазмали ҳарбий оркестрининг “Спасская башня” фестивалидаги иштироки россиялик томошабинларга ўзбек халқининг бой маданияти билан янада яқинроқ танишиш, ҳарбий мусиқа оламидаги жозибали куй-қўшиқлардан баҳра олиш имкониятини яратмоқда.
Манба: ЎзА