Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади
2017-08-25 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси иккинчи иш кунида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш, Олий Мажлис Сенати аъзоларининг одоби қоидаларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқди.
Олий Мажлис Сенати аъзоларининг одоби қоидаларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинди.
Унга кўра, эндиликда жойларга чиқиб, аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар жараёнида расмиятчилик ва кўзбўямачиликка, сохта ҳисоботлар беришга, ўрганилаётган масаланинг туб илдизига етиб бормаслик каби камчиликларга йўл қўйган сенаторларга нисбатан тегишли таъсир чоралари белгиланган. Сенаторларнинг интернетдаги расмий саҳифаларида фуқаролар билан мулоқот қилиш жараёнидаги одоб-ахлоқ қоидалари янада аниқлаштирилган.
Сенаторлар тасдиғи билан А.Аъзамхўжаев Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. М.Жумагалдиев Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раислигига сайланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Улуғбек Асроров, ЎзА
Манба: ЎзА