Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларининг дастлабки гуруҳи тантанали кутиб олинди

2017-08-25 | Маданият

Самарқанд темир йўл вокзалида “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларининг дастлабки гуруҳи тантанали кутиб олинди.

1997 йилдан буён ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур фестиваль дунё халқларининг миллий мусиқа санъати ва қўшиқчилиги анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, уларни гўзаллик, нафосат, эзгуликка даъват этишга хизмат қилмоқда. Бугунга келиб “Шарқ тароналари” жаҳон миқёсида ўтказилаётган йирик ва нуфузли санъат анжуманига айланди. Унда иштирок этиш истагида бўлган санъаткор ва бадиий жамоалар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Бу йил фестиваль иштирокчилари белгиланган талаблар асосида сараланиб, таклиф этилди. 25-30 август кунлари 50 дан ортиқ давлат вакиллари Самарқандда ўз санъатини намойиш этади. 

Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поездида Самарқандга етиб келган меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида кенг жамоатчилик иштирокида кутиб олинди. 

– Самарқанд заминига қадам қўйишимиз билан “Шарқ тароналари” фестивали шукуҳини ҳис қилдик, – дейди франциялик Ле Норманд Морвен хоним. – Вокзал ва кўчалар бағоят мафтункор, ҳар қандай киши эътиборини тортадиган даражада гўзал. Тадбир ташкилотчиларининг ниҳоятда самимий ва меҳмондўстлиги, ҳар бир иштирокчига алоҳида эътиборидан бошимиз кўкка етди. Ана шу дастлабки таассуротларимиз бу йилги фестивалнинг яна ҳам юксак савияда ўтишидан далолат беради. 

– Жаҳоннинг кўплаб давлатларида ўтадиган турли халқаро анжуманлар, форумларда қатнашганман, – дейди фестиваль ҳакамлар ҳайъати аъзоси, кувайтлик Амир Жаъфар. – Лекин, Ўзбекистонда бўлганидек ташкилотчилик, меҳмонларга юксак эътибор камдан-кам кузатиладиган ҳолат. Бу ўзбек халқининг санъатсеварлиги, меҳмондўстлиги ва бағрикенглигидан далолат беради. Мен Тошкентда, бугун Самарқандда бунга гувоҳ бўлиб, ҳайратланиб турибман. Бундай самимий, очиқкўнгил инсонлар билан суҳбатлашиш, уларга ўз санъатимизни намойиш этиш биз учун завқли ва таассуротларга бой бўлишига ишонаман. 

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари махсус ажратилган транспортларда “Азия Самарқанд”, “Регистон-плаза”, “Зилол бахт”, “Арба” меҳмонхоналарига бориб жойлашдилар. 

Кун давомида Самарқанд шаҳрида муқаддас қадамжо ва тарихий обидалар бўйлаб саёҳат, маданий-маърифий учрашувлар, танлов дастурида қатнашадиган жамоалар учун Регистон майдонидаги саҳнада репетиция ўтказилади. 

Кечқурун танлов бошланиб, дастлабки ўн жамоа ўз дастурини намойиш этади. Бошқа гуруҳлар эса Самарқанд шаҳри ва Пастдарғом, Оқдарё, Пайариқ, Самарқанд, Жомбой туманларида маҳаллий санъаткорлар билан биргаликда концерт дастурлари тақдим этади.

 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться