Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ШҲТ га аъзо давлатлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш масалалари билан шуғулланувчи идоралари раҳбарларининг тўққизинчи йиғилиши
2017-08-25 | Сиёсат
2017 йилнинг 24 август куни Қирғизистон Республикасининг Чолпон-Ота шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш масалалари билан шуғулланувчи идоралари раҳбарларининг тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикасининг Фавқулодда вазиятлар вазирлари, тегишли мутахассислари, ШҲТ котибияти, шунингдек, таклиф қилинган меҳмонлар сифатида Халқаро фуқаро мудофааси ташкилоти ҳамда Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар хавфини камайтириш маркази раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар ШҲТга аъзо давлатларда 2015 2017 йиллар мобайнида содир бўлган йирик фавқулодда вазиятлар, улар келтирган талофатлар, шу билан бирга, ШҲТ доирасида келгусида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги истиқболли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлари Р.Джураев ва В.Пучковларнинг иккитомонлама учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида 2017 2018 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича тадбирлар режаси имзоланди. Шу билан бир қаторда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳамда юқорида кўрсатилган тадбирлар режасини амалга ошириш бўйича бажариладиган чора-тадбирлар хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Бундан ташқари, кун давомида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Р.Джураев ва Фуқаро мудофааси халқаро ташкилоти бош директори В.Кувшиновларнинг иккитомонлама учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида 2018 2020 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Фуқаро мудофааси халқаро ташкилоти ўртасида аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича тадбирлар режаси имзоланди. Самимий учрашувда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Йиғилиш конструктив ва дўстона муҳитда ўтди. Томонлар учрашув давомида эришилган натижалардан қониқиш ҳосил қилдилар ва ўз навбатида, ушбу тадбирга юқори савияда тайёргарлик кўрилганлиги ва ўтказилганлиги учун Қирғизистон Республикасига самимий миннатдорчилик билдирдилар.
Йиғилиш якунида ШҲТга аъзо давлатлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш масалалари билан шуғулланувчи идоралари раҳбарларининг тўққизинчи йиғилиши Баёни имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги