Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра 2021 йилгача соя майдонлари қарийб 133 минг гектарга оширилади
2017-08-25 | Иқтисодиёт
Соя ўсимлигининг дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд маҳсулотлар тайёрланади ва улар халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлатилади. Шу боис, мамлакатимизда соя экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор бериляпти.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, жорий йилда Республикамиз бўйича қарийб 27 минг гектар майдонга соя экини экиш белгиланган бўлиб, шундан “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти тизимидаги ёғ-мой корхоналари 21 минг гектардан зиёд майдонга қарийб 36 минг тонна соя донини сотиб олиш бўйича фермер хўжаликлари билан шартномалар тузган. Шундан асосий экин майдони учун 2211 та фермер хўжаликлари билан 8,0 минг гектар, 14,2 минг тонна соя дони сотиб олиш ва ғалладан бўшаган такрорий майдонларга 13,8 минг гектар, 21,7 минг тонна соя дони сотиб олиш бўйича 3520 та фермер хўжаликлари билан шартномалар тузилди.
Белгиланган режаларни амалга оширишда соя етиштириш бўйича катта тажрибага эга бўлган мамлакатлар Бразилия, Сербия ва Россия давлатлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Жумладан, Россиянинг “Соевый комплекс” маъсулияти чекланган жамияти билан ҳамкорлик борасидаги келишув битими тузилди.
“Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти таклифига биноан хорижлик олим ва мутахассислар Республикамизга ташриф буюришди. Ташриф давомида соя уруғлигини экишдан тортиб, ҳосилини йиғиб олгунга қадар бўлган даврда бизнинг олим ва мутахассисларимиз билан бирга Республика вилоятларига чиқиб, фермер хўжаликларига ўзларининг тавсия ва хулосаларини бердилар.
Олим ва мутахассисларнинг тавсияси билан Республикамизда соя экинини асосий ва такрорий майдонларга экиш учун 6 хил селекция навлардан иборат қарийб 1000 тонна соя уруғлиги Республикамизга олиб келинди.
Мутахассисларнинг фикрича, Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида етиштирилаётган соя уруғлари Республикамизнинг тупроқ иқлим шароитига мос. Улардаги соя навларидан бизнинг шароитда икки марта ҳосил олиш имконияти мавжуд.
Россия Федерациясининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Соевый комплекс” маъсулияти чекланган жамиятининг таклифига асосан жорий йилнинг 10-11 август куни Республикамизнинг барча ҳудудларидан соя етиштирадиган фермер хўжалик раҳбарлари ва олим мутахассислардан ташкил топган делегация Краснодар ўлкасида соя ва мойли экинлар бўйича “Дала куни” амалий семинарида иштирок этиб, тажриба алмашиб қайтди.
Бундан ташқари соя экинини ривожлантириш бўйича ИКАРДА ва ФАО каби халқаро ташкилотларининг экспертлари ва Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида фермер хўжаликлари, олим ва мутахассислар, “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарнинг қишлоқ хўжалиги бўйича раҳбар ўринбосарлари ва мутахассислари иштирокида соя экини экиш ва етиштириш агротехнологияси бўйича кўргазмали ўқув-семинарлари ташкил этилди.
“Соя экинини етиштириш ва аҳолини соя ўсимлик мойига бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан 2017-2021 йилларда соя ўсимлиги экиладиган майдонлар босқичма-босқич кўпайтириб борилиши, мазкур вақт давомида 92 266 гектар майдонга асосий, 40 557 гектар майдонга такрорий экин сифатида экилиши кўзда тутилган.
Манба: uzbekistan24.uz