Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ерик Утембаев: Марказий Осиёда етакчи бўлган мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик минтақамиз барқарорлиги ва тараққиётида улкан аҳамиятга эга
2017-08-25 | Сиёсат
Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллардан Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қозоғистон билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўлидан борди. Икки томонлама ҳамкорлик барча ижтимоий-иқтисодий соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда, давлатларимиз ташқи сиёсий майдонда бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги байрами арафасида ЎзА мухбири Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев билан суҳбатлашди.
– Жаноб элчи, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги мулоқот мунтазамлик касб этди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қандай таъсир кўрсатмоқда? Олий даражада эришилган келишувлар қандай амалга оширилмоқда?
– Қозоғистон ва Ўзбекистон халқлари нафақат яқин қўшни, балки қардош сифатида кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича азалдан бир-бирларини тушуниб келган ва ҳозир ҳам шундай. Мамлакатларимизнинг товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш бўйича ўзаро келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга бирдек интилаётгани бунга ёрқин мисолдир. Бугунги кунда икки давлат компаниялари ва ишбилармон доиралари ўртасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудида мамлакатларимиз корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлашга максимал даражада кўмаклашиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Икки томонлама ҳамкорлигимиз улкан салоҳиятга эга. Шу сабабли Президентлар Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил сентябрь ойида бўлиб ўтган учрашувида товар айирбошлашнинг йиллик ҳажмини 5 миллиард долларга етказишга қарор қилинди. Жорий йилнинг 22-23 февраль кунлари бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия мажлисида мазкур вазифани бажаришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, бунга эришиш учун аввало савдо, инвестиция, технологиялар, транспорт-коммуникация соҳаларида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди. Савдо алоқалари ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 22-23 март кунлари Қозоғистонга илк давлат ташрифи мамлакатларимиз учун тарихий воқеа бўлди.
Нурсултон Назарбоев олий мартабали меҳмонни қутлар экан, «Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари ҳар доим дўстона ва самарали бўлган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, менинг қадрдон дўстим Ислом Каримов улкан ҳисса қўшган бундай яқин ҳамкорликни Сиз билан изчил давом эттирмоқдамиз. Кейинги ойларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 30 фоиз ўсгани, ўзаро янги маҳсулотлар етказила бошлагани бунинг тасдиғидир. Ташрифингиз доирасида ўтган бизнес-форумда қарийб 1 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Сизнинг ушбу тарихий ташрифингиз мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради», деди.
Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади: «Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қардош, асрлар давомида синалган шериклардир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафотидан кейинги оғир дамларда бу яқинлик яна бир бор намоён бўлди. Халқимиз Қозоғистон халқи ҳамдардлигини, қўллаб-қувватлаганини чуқур ҳис этди ва буни ҳеч қачон унутмайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда. Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканининг тасдиғидир».
Музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 13 ҳужжат имзоланди.
Президентлар Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Парламентаризм, солиқ, транспорт, мудофаа, савдо-саноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар ҳам имзоланди. Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим улар орасида алоҳида аҳамиятга эга.
Бу ҳужжатлари амалга ошириш бўйича кўп ишлар қилинди. Аввало, ўтган қисқа давр мобайнида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш бўйича Марказий Осиё савдо уйи ташкил этилди, 2017 йилда 400 минг тоннагача маҳсулот етказиб беришга келишиб олинди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Қизил Ўрда, Шарқий Қозоғистон, Жанубий Қозоғистон, Жамбил вилоятлари ҳокимларининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий, Самарқанд, Жиззах вилоятларига, Қарағанда, Оқтўба ва Жанубий Қозоғистон вилоятлари ҳокимлари ўринбосарларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари уюштирилди. Жиззах вилояти делегацияси жавоб ташрифи билан Жамбил вилоятида бўлди. Яқин орада Навоий вилояти ҳокимининг Қизил Ўрдага ҳамда Хоразм вилояти ҳокимининг Мангистауга бориши кутилмоқда.
Шу билан бирга, давлатларимизнинг улкан транзит-транспорт салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда Остона ва Тошкент бу соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали ўтган халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш ва транзит ташишларни кўпайтириш борасидаги ҳамкорликни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга.
Бу борада тегишли келишувларга эришганмиз, мамлакатларимиз ташишлар, аввало, темир йўл транспорти орқали ташишлар ҳажмини ошириш мақсадида маълум преференцияларни кўзда тутган қулай тариф сиёсатини олиб бормоқда. Давлат чегараларини кесиб ўтиш тартибини соддалаштириш бўйича катта ишлар қилинди. Масалан, М-39 трассасида жойлашган ўтиш пунктлари очилди, чегара пунктларининг аксарияти кундузи ишлаш режимидан кечаю-кундуз ишлаш режимига ўзгартирилди, икки томонлама чегара пунктлари кўп томонлама чегара пунктларига айлантирилди.
Бундан ташқари, яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов билан учрашувда бизнес-форумлар доирасида мамлакатларимиз тадбиркорларининг мунтазам учрашувларини ташкил этиш, корхоналар кооперациясини, жумладан, ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш бўйича қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш хусусида сўз юритилди. Мамлакатларимиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда ҳам катта истиқболлар очилмоқда.
– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан яхши қўшничилик, очиқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган сиёсат ҳақида фикрингизни билдирсангиз.
– Жаҳон оммавий ахборот воситалари, турли даражадаги экспертлар Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда десам, адашмайман. Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп давлатида янги раҳбар сайланди. Мамлакатингиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар рўй бераётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёни мамлакат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилади. Қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан очиқлик ва дўстликка асосланган прагматик сиёсат юритилишини таъкидлади.
Дастурий ҳужжат – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш вазифаси қўйилган.
– Остонада «ЭКСПО – 2017» халқаро ихтисослашган кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистоннинг ундаги иштирокини қандай баҳолайсиз?
– «ЭКСПО – 2017» халқаро кўргазмаси 10 июнда бошланди. Тадбир доирасида «яшил» энергетикани ривожлантириш соҳасидаги энг сўнгги фан ютуқлари намойиш этилмоқда.
Кўргазмада жаҳоннинг 120 дан ортиқ мамлакати, жумладан, Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Вьетнам, Арманистон, Покистон, Озарбайжон, Беларусь, Куба, Туркманистон, Руминия, Бразилия иштирок этмоқда. Улар ўзларининг технологик, илмий, маданий муваффақиятларини намойиш этмоқда.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Россия, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг павильонлари "ЭКСПО – 2017" кўргазмасида энг кўп одам ташриф буюрган павильонлар орасида етакчилик қилмоқда. Ушбу халқаро кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ўзбекистоннинг "ЭКСПО – 2017"даги павильони 1400 квадрат метрга яқин майдонни эгаллаган. Унинг биринчи қавати кўргазманинг асосий мавзуси – «Келажак энергияси»га бағишланган бўлиб, унда қуёш, шамол ва сув энергияси асосида ишлайдиган жиҳозлар ва техника намойиш қилинмоқда, иккинчи қаватда эса мамлакатингизнинг енгил саноат, транспорт ва логистика, самолётсозлик, туризм, озиқ-овқат саноати, виночилик ва шарбат ишлаб чиқариш соҳаларидаги ютуқлари кўрсатилган, бу ерда миллий таомларингизни татиб кўриш имконияти ҳам мавжуд.
Қуёш энергиясига бағишланган стендда 2030 йилга келиб автомобилларни қуёш энергияси билан қувватлаш имконияти кўрсатилгани кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Эшитишимча, "ЭКСПО – 2017"га келувчиларга биринчи навбатда Ўзбекистоннинг ўзига хос, ёрқин ва мазмунли павильонига боришни маслаҳат беришар экан. Ўйлайманки, бу мамлакатингиз кўргазмада иштирок этишга нақадар масъулият билан ёндашганидан далолат беради. Қўшнилар ҳамиша бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар. Қозоғистон халқи бундай муносабатни юксак қадрлайди!
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини энг улуғ, энг азиз байрами арафасида бутун Қозоғистон халқи номидан Мустақиллик айёми билан чин дилдан муборакбод этаман! Қардош ўзбек халқига янада шижоат, ишончли ҳамкорлар ва улкан зафарлар тилайман!
Манба: ЎзА