Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар иттифоқи Шанхай университетининг Ўзбек тили ва адабиёти кафедрасига 250 та ўзбек адабиёти намуналарини совға қилди
2017-08-24 | Фан
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Шанхай Халқаро тиллар университети қошидаги Ўзбек тили ва адабиёти кафедрасига 250 та ўзбек адабиёти намуналари совға қилинди. Бу ҳақда Иттифоқ раисининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар берилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи халқаро ҳамкорлик масаласида илк сафарини ХХРдан бошлади.
22 август куни Шанхай Халқаро тиллари университетида учрашув ташкил этилди. Унда кўплаб илғор Европа таълим дастурлари иштирокчиси, педагогика ва дипломатия соҳалари мутахассиси, университет партия қўмитаси котиби Цзян Фэн, университет вакиллари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегацияси иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати, ёшлар ташкилотининг вазифа ва мақсадлари, ёш авлодга яратиб берилаётган имкониятлар хусусида алоҳида тўхталди.
Шундан сўнг, делегация Университет қошида фаолият юритаётган Ўзбек тили ва адабиёти кафедрасига ташриф буюрди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ушбу масканда таҳсил олаётган ёшлар учун 250 дан ортиқ ўзбек адабиётига доир бадиий ва илмий китобларни совға қилди.
Учрашув олдидан эса, делегация аъзолари Шанхай, Гуанчжоу, Ханчжоуда таҳсил олаётган ёшлар билан учрашди. Ёшлар Хитойда ҳам Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотини тузиш ташаббуси билан чиқишди.
Қолаверса, Ўзбекистонлик ёшлар ҳар йили Университетда мамлакатларнинг мустақиллик кунини нишонлаш тадбирини кўтаринки руҳда ўтказишларини ғурур билан гапириб беришди.
ХХРда таҳсил олаётган ва ишлаётган ёшлар Ўзбекистонда ёшларга яратиб берилган имкониятлардан ниҳоятда мамнун эканлигини таъкидлашди.
Манба: uzbekistan24.uz