Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва Ҳиндистон вакилларининг бизнес-форумига оид

2017-08-24 | Сиёсат

2017 йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Деҳли шаҳрига ташрифи чоғида икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Ҳиндистон савдо ва саноат давлат вазири Нирмала Ситҳараман, «Ҳиндистон-МДҲ» Савдо-саноат палатаси фахрий президенти Ражан Мадҳу, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари нутқ сўзлашди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов форумнинг очилишида сўзлаган нутқида Ўзбекистон учун Ҳиндистон билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доираларимиз ўртасида янада яқин муносабатларни ўрнатиш, республикадаги ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этишга янги ҳинд компанияларини жалб қилиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мамлакатимиз Ҳиндистон билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни оширишга катта эътибор қаратмоқда. 2017 йил июнь ойида Остона шаҳрида ўтган ШҲТ саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашуви бунинг исботи бўлиб хизмат қилади. Давлатларимиз раҳбарларининг мазкур тарихий учрашуви чоғида барча жабҳалардаги муносабатларимизни тубдан яхшилаш ва мустаҳкамлаш ҳамда уларни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўриш тўғрисида келишиб олинди.

Вазир эътироф этганидек, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг ишбилармон доиралари ушбу жараённинг локомотиви бўлиши керак.

А.Камилов Ҳиндистон бизнеси вакилларига мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиш суръатлари ҳақида қисқача маълумот берди.

2016 йил якунларига кўра Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 7,8%га, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқиш ҳажми 6,6%га, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқиш ҳажми 6,9%га, капитал қурилиш ҳажми 12,5%га, чакана савдо айланмаси ҳажми 14,4%га, хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,5%га ўсди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг деярли 70%ини юқори қўшимча қийматга эга тайёр товарлар ташкил этди.

2017 йилнинг биринчи ярмида республика ЙММ 2016 йилнинг айни шу даврига нисбатан 7%га ўсди. Олти ой давомида саноат ишлаб чиқариши ҳажми 7,6%га, чакана савдо айланмаси ҳажми 11,1%га, хизматлар ҳажми 11,6%га, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқиш 5,8%га ошди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш бўйича ташаббус кўрсатилди.

Мазкур Стратегиянинг устувор йўналишларидан бири макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш мақсадида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга қаратилган институционал ва структуравий ислоҳотларни давом эттириш ҳисобланади.

Стратегия хусусий мулкнинг ҳимояси ва устувор аҳамиятини янада кучайтиришни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришни, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш орқали иқтисодиёт тармоқларига хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишни ҳам кўзда тутади.

Айни вақтда мамлакатимиз ҳукумати томонидан тадбиркорлар ва ишбилармон доираларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни Ўзбекистон Президенти фармони билан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи янги суддан ташқари механизм – бизнес-омбудсманнинг ташкил қилингани ҳам тасдиқлайди. Бу ўта муҳим иқтисодий масалаларни ҳал қилишда тадбиркорликнинг ғоятда аҳамиятли эканлигидан дарак беради.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар ўсувчан суръатларда ривожланмоқда. Сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 2 баробардан ортиқ кўпайди ва 2016 йил якунларига кўра 370 млн. АҚШ долларини, 2017 йил биринчи ярмида 166,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда ҳинд капитали иштирокидаги 101 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 15 таси 100% чет эл капитали асосида ишламоқда.

Шу билан бирга савдо айланмаси ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш учун сезиларли салоҳият мавжудлигини ҳам тан олиш керак.

Бугунги кунда Ўзбекистон ташкилотлари ва компаниялари Ҳиндистон бозорига экспорт маҳсулотларининг кенг номенклатурасини, жумладан пахта толаси, қайта ишланган калава ип, йигирилган ип ва мато, мис ва ундан ишланган буюмлар, кимёвий маҳсулотлар, минерал ўғитлар, электротехника ва кабель-ўтказгич, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришга ҳамда кўрсатиладиган хизматлар спектрини кенгайтиришга тайёр.

Ўз навбатида Ўзбекистон талаб мавжуд бўлган тайёр саноат маҳсулотларини, жумладан кимёвий товарлар, дори-дармон воситалари, текстиль ва кўнчилик тармоқларидаги, информацион технологиялар ва телекоммуникациялар ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ишлаб чиқишни ташкил қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Ҳиндистоннинг юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор.

Вазир форум иштирокчилари диққатини бугун Ўзбекистонда чет эл инвесторлари учун барча зарур шароитлар яратилганига қаратди: солиқ имтиёзлари, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини божхона тўловларисиз олиб кириш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга инвестиция киритгандаги бошқа енгилликлар. Мана бир неча йилдан бери Навоийда, Ангренда, Жиззахда эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Яқинда Хазораспда, Қўқонда, Ургутда ва Ғиждувонда яна тўртта шундай зоналар ташкил этилди. Бундан ташқари Президент фармонига кўра ҳозирда Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқишга ихтисослашган еттита ЭИЗ фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ҳинд инвесторларини мазкур эркин иқтисодий зоналарда ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишда кенг иштирок этишга таклиф этди.

Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи доирасида ҳамда бизнес-форум якунларига кўра умумий ҳажми 80 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 22 та шартнома ҳамда умумий ҳажми 70 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 20 та инвестицион битим имзоланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Поделиться