Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жорий йилнинг етти ойи мобайнида мамлакатимиз вакиллари хорижда ўтказилган 120дан зиёд нуфузли мусобақада ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди
2017-08-22 | Спорт
Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан мамлакатимиз спортчиларининг халқаро майдонда эришаётган ютуқлари ҳақида гапириб берди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт ташкилотлари билан бирга иқтидорли спортчиларни саралаш ва терма жамоаларни шакллантириш, спортчиларнинг маҳалий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, уларнинг нуфузли мусобақалардаги муносиб иштирокини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда мамлакатимиз спорт делегацияси кунчиқар юртда бўлиб навбатдаги олимпиадага тайёргарлик қандай бораётгани билан танишиш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб учрашувларда иштирок этиб қайтди.
10 август куни имзоланган “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорда спортимиз юлдузлари ва уларни камолга етказган тренерларининг машаққатли меҳнатларини муносиб тақдирлаш, уларнинг тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, олий ва махсус маълумот олишлари ҳамда саломатликларини тиклашлари хусусида ғамхўрлик қилингани эътиборга лойиқ. Мазкур қарор Ўзбекистонда спортчи ва мураббийларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этадиган спортчилар захирасини тайёрлашда муносиб ҳисса қўшишларига имконият яратади.
Сўнгги даврда Осиё ва жаҳон чемпионатларида спортчиларимиз эришаётган ютуқлар сони ва салмоғи сезиларли даражада ўсди. Жумладан, жорий йилнинг етти ойи мобайнида мамлакатимиз вакиллари хорижда ўтказилган 120дан зиёд нуфузли мусобақада ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Ўзбекистонлик спортчилар жами 773 маротаба шоҳсупага кўтарилишди: 292 та олтин, 221 та кумуш, 261 та бронза медали қўлга киритилди. Май ойида Тошкентда бокс бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида спортчиларимиз ўнта вазн тоифасидан тўққизтасида олтин медалларга сазовор бўлишгани халқимизнинг кайфиятини кўтарди, ажойиб қувончли лаҳзаларни ҳадя этди.
Қўмитамиз, тизимимиздаги мутахассислар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун барча ишларни амалга оширишни ўзимизнинг шарафли бурчимиз, деб биламиз.
Манба: ЎзА