Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фарғонада 200 микроГЭС ишга туширилади

2017-08-22 | Иқтисодиёт

Фарғона вилоятида сувдан энергия олиш борасида олиб борилаётган илмий изланишлар юксак амалий самаралар бермоқда.

Фарғона политехника институти олимлари томонидан амалга оширилаётган замонавий микроГЭСлар ишлаб чиқариш инновация лойиҳаси бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. 

МикроГЭС халқаро таснифга кўра, қуввати 0,1 кВт.дан 100 кВт.гача бўлган гидроэнергетик қурилма бўлиб, асосан гидротурбина, тасмали ва редукторли узатмалар ҳамда асинхрон генератордан иборат. МикроГЭС экологик тозалиги, арзонлиги, технологик жиҳатдан тайёрлаш ва эксплуатация қилиш осонлиги билан ажралиб туради. 

МикроГЭСнинг қуввати 50 кВт. бўлган 2 тажриба нусхаси институт олимлари томонидан “Фарғонаазот” АЖ ва Марғилон трактор таъмирлаш корхонаси билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридан оқиб ўтувчи Марғилонсойда ишга туширилди. МикроГЭСлардан олинаётган электр энергиясидан шаҳарнинг Каштанзор кўчаси, "Марғилонсой" тантаналар уйи ва “Ҳамкорбанк” банки ҳудудини ёритишда фойдаланилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида ушбу лойиҳа илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш борасида олиб борилаётган изланишларнинг яққол намунаси эканини таъкидлаб, микроГЭС ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бошқа ҳудудларга ҳам жорий этиш бўйича тавсиялар берган эди. 

Шу асосда Фарғона политехника институти олимлари вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида "Фарғонаазот" АЖ, Марғилон трактор таъмирлаш корхонаси ҳамда "Марғилон темирчи" МЧЖ билан биргаликда илмий-тадқиқот ва тажриба-синов ишларини олиб бормоқда. 

– Тажриба-синов ишлари сой ва каналларнинг сув оқими табиий шароити ва кинетик энергиясидан фойдаланиб ишловчи оддий, арзон ва қулай, автоматлаштирилган автоном микроГЭСлар яратишга қаратилган, – дейди Фарғона политехника институти профессори, техника фанлари доктори Сирожиддин Эргашев. – Бу борада вилоятнинг сув хўжалиги, электр тармоқлари ва Фарғона механика заводи мутахассислари билан биргаликда Микро-гидроэлектростанциялар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ҳаётга татбиқ этиш юзасидан "йўл харитаси" ишлаб чиқилди. Биринчи босқичда Катта Фарғона канали, Жанубий Фарғона канали, Андижон каналларидаги сув оқимининг талаб қилинган тезлиги, миқдори, баландлик босими, истеъмолчилар имкониятидан келиб чиқиб ўртача қуввати 50 кВт. бўлган 230 микроГЭС қуриш мумкинлиги аниқланди. Жорий йилнинг ўтган даврида Фарғона шаҳридан оқиб ўтувчи Марғилонсойда ишга туширилган 2 микроГЭС соатига 40-50 кВт. энергия ишлаб чиқармоқда. Айни пайтда бундай қурилмаларни Олтиариқ туманида хонадонлар учун ҳам қўллаш устида иш олиб борилмоқда. Вилоятда 2017-2018 йилларда 200 дан ортиқ микроГЭС ишга туширилиши режалаштирилмоқда. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарнинг Фарғона механика заводи билан кооперация асосида микроГЭСнинг асосий қурилмалари – гидроагрегат, редуктор, генератор ва автоматик бошқарув тармоқларини ишлаб чиқариш бўйича қуввати таҳлил қилиниб, ҳар бир йўналиш учун ишлаб чиқарувчилар белгиланди. Ҳамкорликнинг дастлабки самараси сифатида Фарғона механика заводида институт олимлари томонидан микроГЭС гидроагрегатининг 50 кВт.дан 300 кВт.гача бўлган бир неча вариантли лойиҳалари тайёрланиб, ишлаб чиқаришга топширилди. 

Лойиҳа муаллифларидан бири, ёш олим Сардор Юсуповнинг таъкидлашича, микроГЭСларни ишлаб чиқаришда керак бўладиган генераторлар ҳозирча Хитой ёки Россиядан келтирилмоқда. Агар ушбу муҳим воситани ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилса, таннархнинг икки баробар арзонлашишига эришилади, янги иш ўринлари яратилади. Шу мақсадда институт илмий лабораторияларида ўзгармас ток генераторидаги доимий токни ўзгарувчан токка айлантириш йўллари, микроГЭСнинг марказий электр тармоқларига уланиш схемалари, автоматик бошқариш тизимлари устида изланишлар олиб борилмоқда. Институт олимлари Олтиариқ туманидаги "Maida izol invest" корхонаси мутахассислари билан бирга, микроГЭСлар учун доимий магнитли замонавий инновацион генераторлар, автоматик бошқариш тизимлари, ионно-литийли ва водородли аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи инновация корхонасини ташкил этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бораётгани ҳам эътиборга сазовордир.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться