Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё-Океания кураш конфедерациясининг конгресси бўлиб ўтди
2017-08-21 | Спорт
Пойтахтимизда Осиё-Океания кураш конфедерациясининг биринчи конгресси бўлиб ўтди.
Анжуманда Кураш халқаро ассоциацияси (IKA) асосчи раиси Комил Юсупов, Осиё-Океания кураш конфедерацияси президенти Комил Рўзиев, қатор давлатларнинг кураш федерациялари вакиллари, спорт жамоатчилиги иштирок этди.
Бугун 120 дан зиёд мамлакатда Кураш федерациялари фаолият юритмоқда. Кураш халқаро ассоциацияси ҳамда унга аъзо Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания кураш конфедерациялари томонидан мазкур спорт тури бўйича халқаро турнирлар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари юқори савияда ташкил этилаётир.
Конгрессда жорий йилнинг 15-24 сентябрь кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича Осиё ўйинлари ҳамда 2018 йили Индонезия мезбонлик қиладиган ёзги Осиё ўйинлари, БААнинг Дубай шаҳрида ўтказиладиган навбатдан ташқари Конгресс ҳужжатларини тасдиқлаш ва қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Конгресс йиғилишида Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш бўйича Туркманистон ва Индонезия кураш федерациялари раисларининг ахбороти тингланди. Мазкур спорт турини жаҳон миқёсида янада оммалаштириш, мусобақалар ўтказиш масаласи муҳокама этилди.
Манба: ЎзА