Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда «Boeing-767»нинг «Full-flight» симулятори эксплуатацияси бошланди

2017-08-21 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон фуқаро авиацияси ўзининг йигирма беш йиллик фаолияти давомида замонавий авиакомпания сифатида тикланиш ва шаклланишнинг улкан, мураккаб йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда юртимизнинг кўплаб хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда Ҳаво флоти кунига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида компаниянинг ўтган йилларда эришган ютуқлари ва уни ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритилди. 

Соҳада амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида тарихан қисқа даврда мамлакатимизда фуқаро авиациясини изчил тараққий эттириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш, ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ этиш, малакали кадрлар тайёрлаш сингари йўналишларда улкан натижаларга эришилди. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига биноан 1992 йил 28 январда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ташкил этилди. Мустақиллик йилларида авиакомпания халқаро ташишлар бозорида рақобатбардошлигини намоён этиб, йўловчиларнинг ишончини қозониш ва ўз фаолияти кўламини сезиларли даражада кенгайтиришга эришди. 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» энг замонавий лайнерларни эксплуатация қилиш анъанасига содиқ қолмоқда. 2016 йилда мамлакатимизда бирйўла иккита «Орзу лайнери» – «Boeing 787-8 Dreamliner» лайнерларидан фойдаланишга киришилгани миллий авиакомпания учун хавфсизлик, ишончлилик ва қулайлик тамойиллари устувор эканини амалда яна бир карра тасдиқлади.

Айни пайтда ҳаво лайнерларимиз Дубай, Деҳли, Амритсар, Истамбул, Олма-ота, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур, Сингапур, шунингдек, Рига орқали Нью-Йоркка парвоз қилаётган йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Шу йилнинг 27 июль куни Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган «орзу лайнери» биринчи марта Тошкент – Нью-Йорк – Тошкент йўналишида илк узлуксиз парвозни амалга оширгани ҳар бир юртдошимиз қалбига ғурур ва ифтихор бахш этди. 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиапаркини модернизация ва унификация қилиш дастури доирасида «Boeing» корпорацияси билан мамлакатимизга яна тўртта «Boeing-787-8 Dreamliner»ни етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. 2019-2020 йилларда етказиб берилиши кутилаётган мазкур лайнерларга ҳам ёқилғи самарадорлиги ҳамда паст шовқин даражасини таъминлайдиган двигателлар ўрнатилади. 

Бугун дунёнинг кўплаб авиакомпаниялари Ўзбекистон учувчилар тайёрлаш мактабини энг нуфузли мактаблардан бири сифатида эътироф этмоқда. Зеро, ушбу мактабда кўп йиллар давомида “устоз-шогирд” анъаналари асосида назария билан амалиёт чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланган. Қолаверса, бошқарув тўлалигича ишониб топширилиши учун учувчи назарий билимлардан тортиб йўриқчиларнинг сабоқларигача бўлган кўплаб тайёргарлик босқичларини муваффақиятли ўтиши қатъий белгилаб қўйилган. 

Миллий авиакомпания ўқув-машқ маркази тренажёр мажмуасида замонавий тренажёрлар ҳамда “Ил-114-100” ва “А-320” самолётларининг мукаммал “Full-flight” симуляторлари ўрнатилган. Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида бу ерда яна бир ноёб ускуна – «Boeing-767»нинг “Full-flight” симулятори эксплуатацияси бошланди. 

«Саnadian Aviation Electronics» компаниясининг энг сўнгги ишланмаси ҳисобланган ушбу қурилма замонавий компьютер таъминоти, ҳаракатланиш ва визуал тизимлар билан жиҳозланган. 

– Янги тренажёр «Boeing-767» авиалайнерининг ҳақиқий учувчилар кабинасидир, – дейди «Boeing-757-767» ҳаво кемаси иккинчи учувчиси Шерзод Ғуломов. – Унда парвоз давомидаги турли ноодатий ҳолатларни ҳам ерда, ҳам ҳавода синаб кўриш мумкин. Юқори сифатли тасвирларни кўрсатиш учун жаҳон стандартлари асосида ишлаб чиқилган визуал тизим бизга ностандарт ва мураккаб вазиятларни машқ қилиш, компьютер тизимига ўрнатилган аэропортларнинг маълумотлар базаси эса ер шарининг исталган нуқтасига парвоз қилиш имконини беради. 

Миллий авиакомпания ўқув-машқ марказига замонавий авиалайнерлар симуляторларини ўрнатиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар мамлакатимиз авиаторларини хорижий ўқув марказларига жалб этмаган ҳолда тайёрлаш ва қайта тайёрлашга хизмат қилади.

 

Беҳзод Бозоров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться