Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикасида ички туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унда ёшларнинг ўрни
2017-08-18 | Туризм
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида бўлиб ўтган ёшлар форуми ана шундай номланди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган форумда туризм соҳасида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар, тажрибали мутахассислар, ушбу йўналишда таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.
Туризм индустрияси, хусусан, ички туризм юртимиз иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос туристик жозибага эга. Шу боис туризмни ривожлантириш ҳисобидан минглаб янги иш ўринлари яратиш мумкин. Айниқса, бу борада ички туризм имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш, ёшлар туризмини оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Қадим ўтмишимиздан сўзловчи тарихий ёдгорликларни кўриш, бой меросимизни ўрганиш ёшларда миллий ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғусини юксалтиради. Мазкур тадбир учун айнан Шаҳрисабз шаҳри танлангани бежиз эмас. Негаки, бу ҳудуднинг табиати мафтункор, шаҳар қадимий обидаларга бой. Бугун тобора чирой очиб, замонавий қиёфа касб этаётган Шаҳрисабзга келишни кўпчилик орзу қилади. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад ҳам юртимизнинг тарихий жойларига, улуғ авлиёлар ва буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларга саёҳат уюштириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини ўрганиш ва янада юксалтириш, бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.
Форум иштирокчилари тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда, ички туризмни ривожлантириш истиқболлари, ёшлар туризми, туризмга ихтисослашган таълим, ҳудудлардаги туризм инфратузилмасининг ҳолати, ички туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш каби мавзуларда фикр алмашди.
– Бугунги тадбирда билдирилаётган фикрлардан кўринадики, ички туризмни ривожлантиришда ёшлар алоҳида ўрин тутади, – дейди навоийлик Сабина Худойқулова. – Масалан, мен Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши ҳузурида иш бошлаган ёшлар туризмини ривожлантириш клуби координаториман. Ҳақиқатан ҳам, ёшларнинг туризм соҳасига қизиқиши юқори. Буни клубимиз аъзоларининг сони қисқа вақтда 150 нафарга етганида ҳам кўриш мумкин. Форумда ўз таклифларим билан иштирок этдим. Навоий вилоятида 40 дан зиёд тарихий объект мавжуд. Экотуризмни ривожлантириш учун хушманзара сўлим гўшалар бисёр. Лекин сайёҳларнинг келишини кўнгилдагидек деб бўлмайди. Сабаби, улар деярли реклама қилинмайди. Албатта, бу ишлар катта маблағ талаб этади. Бизнинг клуб ана шу тарихий жойлар, табиат инъом этган экотуристик ҳудудлар рекламасини ташкил этиш ва вилоятнинг туристик салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшишни мақсад қилган. Бунга эришиш йўллари хусусида форумда соҳа мутахассисларидан кўплаб фойдали маълумотлар олдим.
Манба: ЎзА