Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АКТ соҳасидаги халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2017-08-18 | Технологиялар
“Unicon.uz” Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази очиқ дастурий таъминот технологияларини ривожлантириш соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида Жанубий Кореянинг “Bridgesoft inc” компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.
“Unicon.uz” давлат унитар корхонаси раҳбари Хислат Ҳасанов ва “Bridgesoft inc” компаниясининг бош директори Ким Нам Гью сифатли дастурий таъминотни ишлаб чиқиш замонавий АКТни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Давлатларимиз ўртасидаги ушбу соҳадаги ҳамкорлик йил сайин мустаҳкамланиб, кенгайиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юртимиз софтвер саноатини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди, дастурчилар учун янги имтиёз ва имкониятлар тақдим этди.
Меморандум доирасида Жанубий кореялик ҳамкорлар “Unicon.uz” томонидан ишлаб чиқилаётган “IJRO.GOV.UZ” тизимини ривожлантириш учун грант маблағларини тақдим этишни режалаштирган. Мазкур дастур ижро интизомини назорат қилиш бўйича ягона идоралараро электрон тизим бўлиб, маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш тартибини марказлаштиришга ва автоматлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, меморандумда 2018 йил Ўзбекистонда кенг кўламли маълумотларни таҳлил қилиш бўйича ахборот тизимини ишлаб чиқишга оид тадқиқотни ўтказиш кўзда тутилган.
Манба: ЎзА