Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сайёр анжумани 17 август куни Бухоро вилоятида бўлиб ўтди
2017-08-17 | Жамият
“Авлиёлар юрти Бухоро: замонавий туризм, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, истиқболли лойиҳалар макони” мавзусидаги анжуманда вилоят ҳокими Ў.Барноев ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини тараққиётнинг янги босқичига кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати улуғланган, манфаатлари устувор бўлган юртимизда фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилояти, туман ва шаҳарларидаги Халқ қабулхоналари фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, муаммо ва ташвишларига ечим топишда юксак самаралар бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу қабулхоналарга 10 мингга яқин ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушган. Мурожаатлар асосан уй-жой, тадбиркорлик соҳасига оид муаммо ва ижтимоий ёрдам билан боғлиқ масалалардир.
Анжуманда истеъмол бозорини тўлдириш ва вилоят экспорт салоҳиятини янада ошириш имкониятлари ҳақида сўз юритилди. Вилоятда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш масаласига эътибор қаратилди. Ўтган йили шундай майдонларнинг атиги 6 фоизида мош, сабзавот ва мойли экинлар етиштирилган бўлса, жорий йилда 61 мингдан зиёд гектар ерга такрорий экинлар экилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида кўплаб лойиҳалар қаторида пахтани қайта ишлаш йўналиши ҳам муҳокама этилиб, аниқ чоралар белгиланган эди. Унга кўра, Ромитан туманида ташкил этиладиган кластер ва бошқа енгил саноат корхоналарида кейинги икки йилда жами пахта хомашёсининг 80 фоизи қайта ишланади. Бу ҳозирги кўрсаткичга нисбатан 50 фоиз кўпдир.
Пахтани чуқур қайта ишлашнинг нафақат иқитисодий, балки ижтимоий афзалликлари ҳам жуда кўп. Бунга Пешку туманидаги “Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти фаолияти яққол мисолдир.
– Илгари хорижда ўтадиган халқаро тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмаларига иштирокчи сифатида борганман, – дейди корхона раҳбари Иброҳим Ҳамроев. – Мамлакатимизда тадбиркорликка кенг имконият ва қулайликлар яратилаётгани туфайли бугун биз ҳам замонавий ишлаб чиқарувчи сифатида халқаро кўргазмаларда қатнашмоқдамиз. Бир неча йилдирки, ип-калава ва мато экспорт қиламиз. Яқинда матони чуқур қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширдик. Энди хорижникидан асло қолишмайдиган кийим-кечак ишлаб чиқара бошладик. Европанинг қатор мамлакатлари билан экспорт қилиш бўйича шартномаларимиз бор. 2019 йилга бориб, кўйлак ва бошқа маҳсулотлар экспортини 35 миллион долларга етказишни режалаштирганмиз.
Бухоро туризм соҳасида катта имкониятларга эга. Аммо сайёҳлик инфратузилмаси ва сервис хизматидаги камчиликлар ундан тўла фойдаланиш имкониятини бермайди. Президентимизнинг жорий йил 19 майдаги 2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрида туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори соҳа тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжатга кўра, туризм индустриясини ривожлантириш, яқин йилларда Бухоро шаҳрида 4 ва 5 юлдузли 11 меҳмонхона қуриш, янги сайёҳлик йўналишлари очиш, хизмат кўрсатиш сифатини халқаро даражага кўтариш кўзда тутилган.
Анжуманда Бухоро ҳунармандлиги имкониятларидан самарали фойдаланиш тажрибаси ва уни янада бойитиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш хусусида ҳам атрофлича сўз борди. Когон, Ромитан, Ғиждувон туманлари ҳокимларининг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли фаровонлигини юксалтириш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган ишлари ҳақидаги ахборотлари тингланди.
Вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Президентимиз қарори асосида Қоракўл ва Олот туманларида 139 миллион доллар қийматга эга лойиҳани амалга оширишга киришилгани таъкидланди. Аҳоли томонидан телефон орқали билдирилган йўлларни таъмирлаш, жойларда одамлар учун янада қулайликлар яратиш ва бошқа таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА